Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 06/03/2017 Ўзбекистон Президенти Осиё тараққиёт банки президентини қабул қилди
Ўзбекистон Президенти Осиё тараққиёт банки президентини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 март куни Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накаони қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича устувор дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасида Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади.

Бугунги кунда ҳамкорлик портфели умумий қиймати 14 миллиард доллардан зиёдни ташкил этувчи 59 лойиҳани ўз ичига олган бўлиб, уларни молиялаштириш учун банкнинг 6 миллиард доллардан кўпроқ маблағи жалб қилинган.

Толлимаржон ва Тахиатош иссиқлик электр станцияларида замонавий буғ-газ қурилмаларини барпо этиш, юқори вольтли электр узатиш линияларини модернизация қилиш, қишлоқ жойларда намунавий уй-жой қуриш, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида сув таъминоти тизими ва санитария объектларини реконструкция қилиш, Аму-Бухоро машина канали тизимини қайта тиклаш, Мароқанд-Қарши темир йўлини электрлаштириш, кичик бизнесни, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бошқа лойиҳалар Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилган ва амалга оширилаётган йирик лойиҳалар сирасига киради.

Учрашувда 2017-2019 йилларга мўлжалланган қўшма дастур доирасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Аҳоли, айниқса, қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аграр тармоқни модернизация қилиш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муқобил энергетикани ривожлантириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва бошқа йўналишларга қаратилган устувор лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

ОТБ президенти самимий қабул ва ўзаро шериклик муносабатларини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаётгани учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдириб, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади.

ОТБ делегациясининг мамлакатимиз вазирликлари ва идораларида ўтказган учрашувлари якуни бўйича банкнинг 573 миллион долларлик маблағини жалб қилган ҳолда кичик бизнес, мева-сабзавотчилик соҳалари, сув таъминоти тизими ва автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантиришга доир 4 лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди, деб хабар беради ЎзА.

Ўзбекистонга ташрифи давомида Такехико Накао Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бўлиб, Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилган инвестиция лойиҳаларининг натижалари билан танишди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг