Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ушбу қонун мазкур институт фаолиятининг асосий жиҳатларини белгилайди.
Ҳужжатга мувофиқ, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан парламент назоратини амалга оширувчи мансабдор шахс ҳисобланади. Бу назорат давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг фаолиятига тааллуқлидир.
Омбудсман фаолияти қуйидаги асосий принциплардан иборат: қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик, очиқлик.
Сайланиш куни 30 ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Омбудсман лавозимига сайланиши мумкин.
Қонун билан Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади ва айни бир шахс Омбудсман лавозимига сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Омбудсман сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт бўлиб, шунингдек, илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.