Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Жаҳон банки ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик электр-энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, сув таъминоти, ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш йўналишларида Жаҳон банкининг 2,8 миллиард доллар маблағи жалб этилган 33 қўшма лойиҳани ўз ичига олади.
"Толимаржон ИЭС – "Сўғдиёна" ПС" юқори вольтли линиясини қуриш, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари сув таъминоти, канализация тизимларини реконструкция қилиш, Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқариш, Ангрен – Поп темир йўлини электрлаштириш, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш каби кўплаб соҳаларда лойиҳалар, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар амалга оширилди ва амалга оширилмоқда.
Ўтган йили қабул қилинган 2020 йилгача ҳамкорлик қўшма дастурига 27 муҳим лойиҳа киритилган, унинг умумий қиймати 4 миллиард доллардан иборат, шундан 3 миллиард доллари Жаҳон банки кредитларидир.
Жаҳон банки вице-президенти Ўзбекистонда кичик бизнесни жадал ривожлантириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича яқинда қабул қилинган чора-тадбирлар ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари хусусида фикр алмашилди, шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишнинг асосий йўналишлари муҳокама этилди.
Жаҳон банки вице-президенти С.Мюллернинг ташрифи дастуридан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида маъруза ўқиш, ушбу олий таълим муассасаси профессор ва ўқитувчилари ҳамда талабалари билан учрашув ҳам ўрин олган.