Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 январь куни Европа Иттифоқининг Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.
Суҳбат аввалида Евроиттифоқнинг юқори мартабали вакили ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан самимий қутлаб, давлатимиз раҳбарига Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Еврокенгаш раиси Шарль Мишелнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
ЕИ билан кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Европа кенгаши Президенти Шарль Мишелнинг Ўзбекистонга ташрифи, Марказий Осиё давлатлари ва Евроиттифоқ раҳбарларининг иккита учрашуви, ўзаро боғлиқлик бўйича Самарқанд конференцияси муваффақиятли ўтказилди.
ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси” амалга оширилмоқда. “Марказий Осиё - ЕИ” биринчи саммитини Ўзбекистонда ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Январь ойи охирида Брюсселда икки минтақанинг транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган йирик Инвесторлар форуми бўлиб ўтади.
Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасидаги савдо жадал ўсиб бормоқда, ўтган йили унинг ҳажми 30 фоизга ошди.
Европанинг етакчи компаниялари иштирокида юқори технологик тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. ЕИнинг Ўзбекистон учун савдо преференциялари амал қилиш муддати узайтирилди.
Долзарб минтақавий масалалар, шу жумладан Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.