Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Солиқ соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси делегацияси Озарбайжон Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Давлат солиқ хизматига ташриф буюрди. Бундан кўзланган асосий мақсад Озарбайжоннинг солиқ маъмуриятчилиги ва солиққа тортиш соҳасидаги тажрибасини ўрганиш.
Ҳар икки томон мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янада юқори даражага кўтарилаётганлиги ва икки томонлама иқтисодий алоқалар чуқурлашиб бораётганлигини эътироф этди.
Учрашувларда кенг қамровли масалалар муҳокама қилинди, жумладан “яширин иқтисодиёт” даражасини пасайтириш воситалари, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари.
Ўзбекистон томони Озарбайжон Республикаси қўшилган қиймат солиғи маъмурчилиги соҳасидаги тажрибасига алоҳида қизиқиш билдирди. Уч кунлик учрашувлар давомида Солиқ қўмитаси вакиллари ҚҚС депозит ҳисобрақамни юритиш механизми, ҚҚСни қайтариш тизими ва ушбу жиҳатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ўзгаришлар билан танишади.
Учрашув якунида, бундай ишчи алоқалар ва тажриба алмашинуви ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда ҳар икки давлатда самарали солиқ бошқарувини йўлга қўйиш бўйича умумий ечимларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.