Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки июль ойидан буён илк бор ўзининг олтин захираларини оширди, деб хабар бермоқда Бутунжаҳон олтин кенгаши (World Gold Council).
2024 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Марказий банки томонидан 9 тонна олтин сотиб олинди, бу ёз ойидан бери олтин захираларининг биринчи кўпайиши бўлди. Шундай қилиб, ноябрь ойи охирида Ўзбекистоннинг умумий олтин захиралари ҳажми 382 тоннага етди.
Ушбу қадам мамлакатлар марказий банклари ўз олтин захираларини фаол равишда кўпайтираётган глобал тенденциянинг бир қисмидир.
Ноябрь ойида жаҳон марказий банклари томонидан соф олтин харидлари 53 тоннани ташкил этди ва бу бутун 2024 йил давомида кузатилган тренднинг давоми ҳисобланади.
Олтиннинг энг йирик харидорлари қаторида ўз захираларини 21 тоннага оширган Полша Миллий банки, шунингдек, ҳар бири 5 тоннадан олтин сотиб олган Ҳиндистон, Қозоғистон ва Хитой Захира банклари ҳам ажралиб туради. Бундан фарқли ўлароқ, энг йирик олтин сотувчиси Сингапур бўлди, у 5 тонна олтин сотди.
Қўшма Штатлардаги президентлик сайловлари муносабати билан олтин нархининг пасайиши каби глобал иқтисодий омиллар фонида кўплаб мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз захираларини тўлдириш имкониятидан фойдаланди.
2024 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳажми 41,47 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган ойга нисбатан 1,67 миллиард долларга камдир. Олтин-валюта захираларининг камайиши олтин захирасининг арзонлашуви ва мамлакат захираларининг валюта қисмининг қисқариши билан боғлиқ.