Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 17 январидан бошлаб Ўзбекистон Марказий банки тижорат банклари орқали 100 граммлик олтин қуймаларини сотувга чиқаради.
Бу қарор аҳолининг инвестиция ва жамғарма имкониятларини кенгайтириш ҳамда қимматбаҳо металлар айланмасини кўпайтириш мақсадида қабул қилинди. Марказий банк бунгача 5, 10, 20 ва 50 грамм оғирликдаги олтин қуймаларини ҳам чиқарган эди.
Қуймалар махсус ҳимоя упаковкасида сотувга чиқарилади. Упаковка сертификат сифатида хизмат қилади, унинг устида қуйманинг серия рақами кўрсатилган ва у қўшимча хавфсизликни таъминлайди. Қуймаларнинг нархи ҳар куни Марказий банкнинг расмий сайтида миллий валютада эълон қилиб борилади.
Қуймалар эгалари учун уларни қайта сотиш имконияти яратилади. Агар қуйма упаковкаси бутун бўлса, тижорат банки уни сотув нуқтасида қайта қабул қилади ва пул маблағини дарҳол тўлайди. Агар упаковка шикастланган ёки техник талабларга жавоб бермаса, қуймалар махсус техник экспертизадан ўтказилгачгина қабул қилинади. Бунда тўлов экспертиза якунлангандан сўнг амалга оширилади.
Упаковкаси бутун бўлган олтин қуймаларни Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш эркин тарзда амалга оширилиши мумкин.