Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) ишчи ташрифи давом этмоқда.
10 январь куни ташриф дастури доирасида транспорт ва логистика, IT-технологиялар, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва инфратузилмавий ривожлантириш каби муҳим соҳаларда фаолият юритувчи БААнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.
Музокараларда ҳамкорликни кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосидаги ташаббуслар бўйича келишувларга эришилди. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш ва устувор тармоқларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилади.