Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 18/05/2018 “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК яна битта “Boeing-787 Dreamliner” самолётини қабул қилди
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК яна битта “Boeing-787 Dreamliner” самолётини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясининг авиапарки навбатдаги янги авлод самолёти - “Boeing-787 Dreamliner” билан тўлдирилди.

Ҳаво лайнерини Ўзбекистонга Миллий авиакомпания экипажи: МАК Учув-услубий бўлими бош учувчи-йўриқчиси Иосиф Зак, “Boeing-787” Учувчилар отряди комадир ўринбосари Шаҳзод Икромов ҳамда иккинчи учувчи Олимжон Узоқов олиб келишди.

Авиакомпаниянинг ушбу русумдаги учинчи авиалайнери МАК авиапаркида мавжуд бўлган аввалги иккита “Boeing-787-8 Dreamliner” дан йўловчи ўриндиқларининг сони ошиғлиги ва экипаж дам олиши учун алоҳида бўлинма ташкил этилганлиги билан фарқланади.

Ушбу самолётда ҳам авиакомпаниянинг бошқа “Boeing-787 Dreamliner” ҳаво кемаларидаги каби ёнилғи тежаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага CО2 ажраб чиқишини камайтириш имконини берувчи “GE Aviation” компаниясининг “GEnx-1B ГE” двигателлари ўрнатилган.

Икки классли компоновкада ишланган самолётнинг кенг саҳни 270 ўриндиққа (бизнес класси - 24, иқтисодиёт класси - 246) эга. Лайнернинг қулай ва кенг ўриндиқлар, янгича ёритиш ва шовқин ўтказмайдиган тизимлар, пол қопламалари ҳамда алоҳида ҳар бир йўловчи учун мўлжалланган индивидуал кўнгилочар дастурли мониторлар билан жиҳозланганлиги “Ўзбекистон ҳаво йўллари” йўловчиларига парвозларини юқори даражадаги қулайликда, мароқли ўтказишларига имкон яратади.

“Boeing-787 Dreamliner” - янги авлод самолётлари билан тўлдирилишда давом этаётган МАК флотининг муҳим элементи ҳисобланади. Истиқболдаги режаларга кўра, Миллий авиакомпаниямиз парки 2020 йилга қадар ушбу русумдаги олтита самолётга эга бўлади.

Миллий авиакомпания мутахассисларининг юқори тайёрлик даражаси туфайли эксплуатация жараёнида “Boeing-787 Dreamliner” самолётларини 100 фоизлик ишончлилиги таъминланди. Бугунги кунда авиакомпаниянинг учув ва техник таркиби учинчи самолётни ишга туширишга ҳам тўлиқ тайёр.

Янги “Dreamliner” авиакомпаниянинг парвозлар жадвалига киритилган бўлиб, узоқ масофалардаги қатновларда эксплуатация қилиниши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси Марказий Осиёда “Boeing-787 Dreamliner” самолётларига буюртма берган биринчи буюртмачидир. Авиакомпания “Dreamliner” ларнинг тижорат эксплуатациясини 2016 йилда бошлаган. 2017 йилнинг 27 июлида эса, Ўзбекистон Миллий авиаташувчиси тарихда биринчи марта ушбу русумдаги самолётда Тошкентдан Нью-Йоркка илк узлуксиз парвозини амалга оширди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг замонавий ва қулай авиалайнерлари Европа ва Осиёнинг 40 дан ортиқ шаҳарларига парвоз қилмоқда ҳамда Аляскадан тортиб Янги Зеландиягача чартер қатновларини бажармоқда. Авиакомпания авиапарки замонавий “Boeing 757, 767, 787 Dreamliner” ва “Airbus 320” ҳаво кемаларидан иборат, деб хабар беради МАК Ахборот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг