Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мумбай шаҳрида Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг IHCL (The Indian Hotels Company Ltd.) компанияси бошқарувчи директори Пунит Чхатвал билан учрашув ўтказди. Томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туризм ва меҳмонхона бизнеси соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ҳиндистондан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони сезиларли даражада ошгани қайд этилди: агар 2023 йили бу кўрсаткич 50 минг киши бўлган бўлса, 2024 йили 80 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Сўнгги бир ярим йил ичида мамлакатлар ўртасидаги йўловчи авиацияси ҳажми уч баравар ошди, ҳозирда Тошкент-Деҳли, Тошкент-Мумбай ва Тошкент-Гоа йўналишлари бўйича ҳафтасига 18 та парвоз амалга оширилмоқда. Келгусида бу рақамни ҳафтасига 24 тага етказиш режалаштирилган.
Учрашув давомида Ўзбекистонда янги меҳмонхоналар қурилиши, замонавий туристик хизматларни ривожлантириш ҳамда меҳмонхона бизнесини қўшма бошқариш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, IHCL делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ва аниқ лойиҳаларни муҳокама қилиш бўйича келишувга эришилди.