Ўзбекистон делегацияси таркибидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (АКТ вазирлиги), «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ҳамда Мирзо-Улуғбек Инновация маркази вакиллари ўрин олган эди.
Таништирув ташрифи АКТ вазирлиги ҳамда БМТТДнинг «Самарали Давлат Бошқарувини ривожлантириш ва Рақамли Трансформацияга кўмак» қўшма лойиҳаси доирасида АКТ вазирлиги ва Ҳамкорлик бўйича Сингапур давлат агентлиги (SCE) ўртасида имзоланган Англашув меморандумига мувофиқ ташкил этилди.
Ташриф мақсади - SCE билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, Сингапурнинг э-ҳукумат ва унинг таркиби, жумладан ақлли тизимлар ва хавфсиз шаҳарлари, миллий геоахборот тизимлари, бошқарув ахборот тизимлари ва бизнес таҳлили, электрон тижорат ва технопаркларининг илғор тажрибасини ўрганиш эди.
Сингапур аҳоли ва бизнесга электрон хизматлар тақдим этиш бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. Қайд этамиз, 2005-2016 йиллар давомида Сингапурнинг давлат органлари хизматларни электрон шаклда тақдим этишни бошлашди. 2005-2009 йиллар давомида 1600 та давлат химатлари электрон шаклга ўтказилди, бу эса барча давлат хизматларининг 80 фоизини ташкил этади. Ҳозирда мамлакат «Рақамли ҳукумат» тизимини қурмоқда. Мазкур тизим доирасида мамлакат фуқаролари рақамли давлат хизматларидан қачон хоҳласа ва қаерда истаса олиш имкониятига эга бўлиши керак.Тизим - барча идораларнинг фаолияти мужассам бўлган ҳамда фуқаро билан икки томонлама алоқа билан таъминланган ягона рақамли платформада давлат бошқарув қарорларини қабул қилиш имкониятини беради.
Сингапур agile (тезкор) режимидаги давлат хизматларини ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратмоқда. Яъни, давлат идоралари тезкор равишда давлат хизматларини илаб чиқаришади ҳамда татбиқ этишади. Сўзсиз, кадрларни тайёрлаш ва тадқиқотлар ўтказиш «Рақамли ҳукумат» тизимини яратишдаги муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади.
Сингапур Миллий университетининг Тизимли фанлар институти қошидаги Электрон ҳукуматнинг етакчилик маркази (NUS ISS/eGL) салоҳиятни мустаҳкамлаш, маслаҳат ва амалий тадқиқотларда кўмак кўрсатади.
Талаб қилинган рақамли давлат хизматларини ишлаб чиқаришда хизматлардан фойдаланувчининг таабларига ҳамда дизайн-фикрлашга катта эътибор берилади. Бунга эса Электрон ҳукуматнинг етакчилик марказининг тингловчилари ўқитилади.
Ташриф чоғида Ўзбекистон делегацияси SCEнинг раҳбарлари ва вакиллари GovTech ҳукумат технологиялари агентлиги, Сингапур Миллий университетининг Тизимли фанлар институти қошидаги Электрон ҳукуматнинг етакчилик маркази, “KDi Asia Pte. Ltd”, “Ecquaria”, “vCargo Cloud”, “SMRT”, “ST Electronics”, “NCS” ва “Surbana Jurong” компаниялари билан учрашувлар ва музокаралар ўтказди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Нанянг технология университети, Журонг шаҳар кенгаши, Сингапур кибер хавфсизлиги агентлиги, Сингапур ер транспорт бошқармаси ва Infocomm Media Development Authority (IMDA) вакиллари билан учрашди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистон вакиллари электрон ва рақамли ҳукуматни ривожлантиришнинг асосий босқичлари, шунингдек, «ақлли шаҳарлар» яратиш билан танишишди. Шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишда АТ-мутахассислар тайёрлаш ва инновацияларни татбиқ этиш бўйича Сингапур тажрибаси кўриб чиқилди.
Томонлар АТ-инфратузилмани ва маълумотларни ҳимоя қилишда кибер хавфсизлик масалалари, шунингдек, «хавфсиз шаҳар» лойиҳаси амалга оширилишини муҳокама қилишди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон вакиллари Сингапурда ишлаб чиқарилаётган ҳамда жорий қилинаётган инновацион лойиҳалар билан танишишди.
Хусусан, Нанянг технология университетида сингапурликларнинг Нидерландиянинг «2 Get There” компанияси билан ҳамкорликдаги ҳайдовчисиз шаҳар автобусларининг ишланмаси намойиш этилди. Ҳозирда бундай автобуслар “Чанги” халқаро аэропортида синовдан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон делегацияси аъзоси, Мирзо-Улуғбек Инновация маркази директорнинг бизнесни ривожлантириш бўйича ўринбосари Баҳодир Аюпов шарҳлади: «Ўзбекистон ҳукумати АТ-бозори ва давлат томонидан электрон хизматларни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Сингапур Буюк Британия, Австралия ва Жанубий Корея кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг электрон ҳукумат рейтингида тўртинчи ўринни эгаллаган. Айни вақтда, Сингапур ялпи ички маҳсулотидаги АКТ соҳасининг улуши 9-11 фоизни ташкил этмоқда».
“Сингапурга бўлган мазкур ташриф чоғида биз ахборот технологияларини ривожлантириш, «ақлли» ва «хавфсиз» шаҳарлар, шунингдек, АТ-инфратузилма хавфсизлигини таъминлашдаги Сингапурнинг энг яхши тажрибаларни ўргандик. Орттирилган билимлар э-ҳукумат ва рақамли трансформация бўйича лойиҳаларни амалга ошириш йўналишидаги ўз ишимизни янада самарали ташкил қилиш имконини беради”, - деди у.
“Ташриф - биз уларнинг тажрибаси ҳамда кадрларни тайёрлаш борасидаги тажрибасини янада чуқурроқ ўрганиш учун Сингапур ташкилотлари ва компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйишимиз кераклигини кўрсатди”, - қўшимча қилди Баҳодир Аюпов.
Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон делегацияси ўз ташкилотлари учун бизнес-жараёнларни реинжиниринги ҳамда улар фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишади.