Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Лондонга ташрифи давомида Буюк Британия Ташқи ишлар вазирининг Европа ва Америка ишлари бўйича ўринбосари Венди Мортон ҳамда Жанубий Осиё ва Буюк Британия Ҳамдўстлиги ишлари бўйича ўринбосари Тариқ Аҳмад билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Музокаралар чоғида икки томонлама алоқалар, хусусан, парламентлараро ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди.
Яқин мулоқотни, шу жумладан икки мамлакат дипломатия миссиялари йўналишида қўллаб-қувватлаш юзасидан келишувга эришилди.