Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 2019-йилнинг 16-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дунканни қабул қилди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатлар фаоллашаётгани мамнуният билан қайд этилди. 2018-йили ўзаро савдо олдинги йилга нисбатан 37% га ўсиб, 235,9 миллион АҚШ долларини ташкил этди, Буюк Британия Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестиция ҳажми бўйича 5-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон-Британия муносабатларини янада ривожлантиришдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди ва 2019-йилда ўтказиладиган тадбирлар режаси бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашиш чоғида Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор қаратилди. Британия томони афғнлараро тинчлик мулоқотига кўмаклашиш ва Афғонистонда йирик инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.
Учрашувда таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, шу жумладан, Ўзбекистон таълим муассасалари амалиётида тегишли стандартлар ва тажрибани қўллаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Суҳбатда Буюк Британия Элчиси Кристофер Аллан иштирок этди.
Манба: ТИВ расмий сайти.