Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 25/04/2018 Ўзбекистон болаларни полиомиелитдан ҳимоя қилиш учун янги вакцинани тадбиқ этмоқда
Ўзбекистон болаларни полиомиелитдан ҳимоя қилиш учун янги вакцинани тадбиқ этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТ ва UNICEF кўмагида болаларни полиомиелитдан ҳимоя қилиш ва бу касалликнинг Ўзбекистонда тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида янги вакцинани тадбиқ этди. 4 ойлик болаларга қилинадиган инактивлаштирилган полиомиелит вакцинаси (ИПВ) ушбу касалликни дунё миқёсида тўхтатишга хизмат қилади. Эндиликда у Ўзбекистоннинг эмлаш дастурига киритилди.

«ИПВнинг жорий этилиши мамлакатимизда полиомиелитга қарши кураш борасида эришилган салмоқли прогресснинг натижасидир», - деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов. «Бу дунёни ушбу даҳшатли касалликдан холи қилиш томон яна бир қадам қўйганлигимизни ва ҳамма учун ушбу вирусдан энг яхши ҳимояни таъминлаб бераётганимизни билдиради».

Ҳозирга қадар бутун дунёда полиомиелитни бартараф этиш учун олиб борилаётган ҳаракатлар оғизга томчи орқали қилинадиган полиомиелит вакцинаси (ОПВ) воситасида амалга оширилар эди. Мазкур амалиёт вируснинг бир инсондан бошқасига ўтишига йўл қўймаслик хислати туфайли дунёда полиомиелит билан касалланиш ҳолатларини 99 фоиздан зиёдга камайтиришга ёрдам берди. ОПВнинг бир нечта дозасига битта ИПВ дозасини қўшиш вирусни тўхтатиш ва болаларни ҳимоя қилишнинг энг самарали услубидир.

Расмий маълумотларига кўра, Ўзбекистонда миллий иммунизация календарига асосан болаларнинг 99 фоиздан зиёди ҳаётга хавф солувчи касалликларга қарши эмланган.

«Ўзбекистон 2002 йилда полиомиелитдан холи ҳудуд мақомига эришган бўлсада, миллий иммунизация календарьига янги вакцинанинг киритилиши мазкур касалликнинг қайтадан пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш ва ҳеч бир бола фалаж бўлмаслигини таъминлаш томон қўйилган муҳим қадамдир» - деди UNICEF нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. «Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур вакцинанинг таъминотини йўлга қўйганлигидан ва ота-оналарни ўз фарзандларини иммунизация календарьига асосан эмлатишга чорлаётганидан мамнунмиз».

«Мунтазам иммунизация жадвалига ИПВнинг биргина дозаси қўшилиши Ўзбекистондаги болаларни полиомиелит туфайли юзага келадиган умрбод фалаж бўлиб қолиш эҳтимолидан ҳимоя қилишнинг энг яхши услуби ва, айни чоғда, бутун дунёни полиомиелитдан озод қилиш томон қўйилган муҳим қадамдир,» - деб таъкидлади ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари доктор Лиан Куппенс.

ИПВнинг кенг қамровли жорий этилиши полиомиелитни глобал миқёсда бартараф этиш ҳамда дунёдаги барча болалар вакциналардан фойдаланиш имконига эга бўлишлари учун иммунизация тизимларини кучайтириш борасида эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш бўйича глобал режанинг бир қисмидир.

UNICEF ва ЖССТ ҳозирги вақтда Ўзбекистон Ҳукуматига Миллий иммунизация дастурини янада мукаммаллаштириш ва унинг барқарорлигини таъминлаш борасида кўмак бермоқда. Бу янги вакциналарни жорий қилиш, вакциналарни бошқаришни такомиллаштириш ҳамда эмлашни амалга оширувчи мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш каби тадбирларни ўз ичига олади. Ушбу саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мунтазам иммунизация учун вакциналар харид қилишдаги ёрдамни ҳамда вакциналарни тегишли шароитда ҳавфсиз сақлаб турувчи «совуқ занжир» деб номланган махсус иншоотлар ва қурилмаларни такомиллаштириш бўйича ишларни ҳам ўз ичига олади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг