Валюта курслари 24/04/2025
$1 – 12890.43
UZS – 0.09%
€1 – 14720.87
UZS – -0.55%
₽1 – 156.04
UZS – -1.48%
Қидириш
Иқтисод 23/04/2025 “Ўзбекгидроэнерго” АЖ: замонавий андозаларга мос Вазиятлар маркази фаолиятига доир

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ: замонавий андозаларга мос Вазиятлар маркази фаолиятига доир

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизда саноат тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда автоматлашти-риш имкониятлари юзага келди.

Бугунги кунда, ГЭСлар ва сув омборлари ва улардаги гидротехника иншоотларини хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлашда замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, назорат-ўлчов қурилмаларидан олинаётган маълумотларни инсон омилисиз автоматик диагностика ва онлайн мониторинг қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу боис, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳам, ўз навбатида, Ўзбекистонда илк маротаба гидротехника иншоотларини рақамлаштириш мақсадида соҳадаги илғор АҚШ, Канада, Англия, Швейцария, Италия, Словакия ва Хитой давлатларининг нуфузли компаниялари ижобий тажрибасини ўрганиб, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида техник ва ташкилий узилишларни бартараф этиш ҳамда ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш йўли билан гидроэнергетикада гидротехника иншоотларининг хавфсиз ишлашини таъминлашга қаратилган ахборот тизимларининг ягона мажмуаси ҳисобланган – “Вазиятлар маркази”ни ишга туширди.

Марказ жойлардаги тизимларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаб, Жамият тасарруфидаги жами 6 та сув омбори ҳамда 80 тадан зиёд катта ва кичик ГЭСларни реал вақт режимида мукаммал кузатиш ва таҳлил қилиш имкониятини яратди.

Шунингдек, чуқур ўрганишлар асосида Жамият тасарруфидаги сув омборларини хавфсиз ишлашини таъминлаб бориш мақсадида барча турдаги назорат-ўлчов қурилмаларига замонавий датчиклар ўрнатилиб, маълумотларни онлайн тарзда юқори аниқликда узатиш, сув омборлари хавфсизлик ҳолатини доимий мониторинг қилиш ҳамда ҳодисаларни электрон тарзда автоматик қайд этишга эришилди. Бунда, Италиянинг нуфузли “SISGEO” компаниясининг жами 1 500 га яқин замонавий ва юқори аниқликдаги қурилма ва жиҳозлари (датчиклар) объектларга ўрнатилди.

Бу орқали олинаётган ахборотларнинг ишончлилиги ва тезкорлиги ошиб, сув омборларидаги гидротехника иншоотлари учун ишлаб чиқилган миқдор ва сифат ташхис кўрсаткичлари билан боғлиқ хавфсизлик мезонларини инсон омилисиз онлайн тарзда назорат қилиш, баҳолаш, уларни оператив таҳлил қилиш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш имконияти яратилди.

Бу орқали олинаётган ахборотларнинг ишончлилиги ва тезкорлиги ошиб, сув омборларидаги гидротехника иншоотлари техник ҳолатини ва хавфли жараёнларни олдиндан баҳолаш, инсон омилисиз онлайн назорат қилиш, уларни оператив таҳлил қилиш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш имконияти юзага келди.

Яна бир муҳим жиҳат, амалга оширилган барча рақамлаштириш ва автоматлаштириш чора-тадбирлари асносида, республикамизда биринчи маротаба маҳаллий мутахассисларни жалб этган ҳолда, сув омборлари учун “Хавфсизлик мезонлари” ишлаб чиқилди. Бунда, сув омборини хавфсиз ишлатиш бўйича мезоний кўрсаткичлар белгиланди. Бугунги кунда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқарувидаги сув омборларида тўлиқ автоматлаштирилган тизим яратилди.

Бундан ташқари, Германиянинг “Ер тадқиқотлари маркази”нинг “Марказий Осиёда сув” лойиҳаси томонидан ҳудудда сув захираларини аниқлаш, узлуксиз космик кузатувларга асосланган сув захирасини мониторинг қилиш “MODSNOW” дастури тизимда жорий этилди. Бу билан дастурий таъминотда сунъий йўлдошдан олинган фото- ва видео-суратлар ёрдамида математик ҳисобларни амалга ошириш орқали қор захирасини катта аниқлик билан ҳисоблаш имкони яратилди.

Ушбу Марказ фаолияти тизимдаги ГЭСлар ҳамда сув омборлари жорий фаолиятини тўлиқ қамраб олган рақамлаштириш жараёнини ўз ичига олиб, электр энергия ишлаб чиқариш, гидротехник иншоотлар барқарорлиги ва хавфсизлигини ишончли таъминлаш, иншоотлар умумий эксплуатациясидаги барча технологик ва техноген вазиятларни доимий кузатиб бориш, марказлашган АСКУЭ тизими билан интеграция қилиш, ГЭСлар ва сув омборларида ўрнатилган замонавий дастурий технологиялар, илғор асбоб-ускуналар ва назорат-ўлчаш қурилмалари орқали автоматик равишда тизимли мониторингни олиб боришга мўлжалланган.

Бундан ташқари, Жамиятнинг Рақамли трансформацияси дастури доирасида марказдаги маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш, хавфсиз алоқа тизимини жорий этиш, турли зарарли дастурлардан ҳимоя қилиш бўйича корпоратив тармоқ жорий этилди.

Жамият маъмурий биносида маълумотларни қайта ишловчи марказ фаолияти (ЦОД) йўлга қўйилди.

Тизимдаги барча ГЭС ва сув омборларида марказлашган IP-телефония тизими фойдаланишга топширилди.

Замон талабидан келиб чиқиб, тизим корхоналарида интеллектуал видеокузатув тизимлари барпо этилди. Барча тизим корхоналарида        1 000 дан ортиқ янги авлод камералари билан жиҳозланиб, Вазиятлар марказига маълумотлар тўғридан-тўғри онлайн узатиб борилиши таъминланди.

Қолаверса, бирон-бир ахборот тизимида носозлик, техник узилиш юзага келса, уни Марказ орқали тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш мумкин бўлади.

Энг аввало, “Вазиятлар маркази”нинг ташкил этилиши натижасида гидроэнергетика соҳасидаги барча ахборот тизимларини ягона мажмуа орқали назорат қилиш механизми йўлга қўйилди.

Албатта, ахборот тизими ва дастурий таъминот жорий этилдими, унинг хавфсизлиги таъминланиши зарур. Бунинг учун Жамият томонидан тегишли ташкилотлар билан биргаликда киберхавфларни аниқлаш ва уларга тезкор чоралар кўриш, маълумотлар махфийлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, учинчи шахслар улардан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилди.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти эришилган натижалар билан кифояланмасдан, келгусида соҳани рақамлаштириш борасида кўплаб ислоҳотларни амалга оширилишини ўзи учун белгилаб олган. Янги "Вазиятлар маркази" эса, бу борада ўзига хос мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташи, шубҳасиз.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг