Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 31/01/2017 Ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди
Ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклаб, уни мустақил давлатлар қаторидан муносиб жой олишида, халқимизнинг кўкси тўла ғурур, ифтиҳор билан, бошини баланд кўтариб “Мен ўзбекман” деган фаҳрни баралла айта олишида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг беқиёс, улкан ҳиссаси бор. Қай бир соҳада эришилган ютуқларга назар ташламанг, улар замирида доно ва зукко-давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ётганини англаймиз.

Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг туғилган санасини кенг нишонлаш, ёрқин хотирасини абадийлаштириш, унинг буюк жасоратини жамоатчиликка, хусусан ўсиб келаётган навқирон ёшлармизга етказиш мақсадида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Турин Политехника Университети ҳамкорлигида “Мустақиллик меъмори” мавзуида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Фанлар академияси, университетнинг профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар, илм-фан арбоблари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Эътироф этилганидек, Ислом Каримовнинг қатъияти ва жасорати билан республикамиз мустақилликка эришди ва ўз тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритди. Ёш давлатимиз учун ғоят мураккаб ва масъулиятли даврда вазият беқарорлашувининг олди олингани ва халқимизнинг уруш даҳшатларини кўрмасдан, тинч-тотувликда, эсон-омон ўтиши бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ. Қолаверса, ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди.

Тадбирда сўз олган илм-фан арбоблари Биринчи Йўлбошчимиз муҳтарам Ислом Каримов ташаббуси билан мустақиллик йилларида мамлакатимиз тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий, ташкилий асослари яратилганлиги, уларнинг салоҳияти, истеъдодини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам механизми шакллантириш учун жуда катта эътибор қаратганликларини ёшларга сўзлаб берди.

Рустам Қобилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

- “Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, соҳага оид 20 дан ортиқ қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаётга жорий этилишида бош бўлганлар. Қолаверса, ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароитлар яратиб бериш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 1991 йилда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани мамлакат ёшларига оталарча бўлган меҳр-муҳаббатининг юксаклигидан далолатдир.

Айниқса, эртамиз эгалари бўлмиш ёшларнинг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаши учун, сифатли таълим-тарбия олишлари, иш ўринлари, муносиб турар жойлар билан таъминлаш, қўйингки, ёшлар шу юртнинг фарзандиман дея фахрланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берди. Ислом Каримовдек халқпарвар, болажон, ёшларни “Менинг фарзандларим!” деб бағрига босиб, чексиз меҳр-муҳаббатини намоён этадиган раҳбар кам бўлса керак.”

Шунингдек, тадбирда Ислом Каримовнинг ободлик, бунёдкорлик, фаровонлик йўлидаги улкан ишлари эътироф этилиб, ёрқин мисоллар келтириб ўтилди.

Тадбирда иштирок этган ёшлар халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Йўлбошчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди, дея ўз-фикр мулоҳазаларини билдиришди.

–– Ислом Каримов эртамиз эгалари бўлмиш ёшларнинг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаши учун, сифатли таълим-тарбия олишлари, иш ўринлари, муносиб турар жойлар билан таъминлаш, қўйингки, ёшлар шу юртнинг фарзандиман дея фахрланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берди, - дейди Турин политехника университети 2-курс талабаси Нодирбек Қушбоқов. – Чунки Бугун биз таҳсил олаётган мазкур университет ҳам айнан Ислом Каримовнинг ташаббуслари билан бунёд этилган. Ҳозирги кунда олийгоҳимизда минг нафарга яқин ёшлар таҳсил олмоқда. Эътиборлиси, бизнинг мукаммал даражада билим олишимиз, етук кадрлар бўлиб чиқишимиз учун барча имконятлар мавжуд. Биринчи Президентимизнинг биз, ёшларга “буюк келажагимиз эгалари” дея алоҳида меҳр улашгани, ёшларни бағрига босиб, орзу-ҳавасларини ижобат қилиш йўлида жасорат кўрсатгани ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди.

Дарҳақиқат, Биринчи Президентимиз бошлаган улуғ йўл бизни бундан-да юксак марраларга етаклайди. Ислом Каримов номи эса халқи, юрти манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиб, шу мақсад йўлида катта меҳнат қилган буюк давлат арбоби, доно сиёсатчи, том маънодаги ватанпарвар инсон сифатида асрлар оша яшайверади. Юртимиз ёшлари Ислом Каримовнинг оталарча меҳри ва ғамхўрлигини ҳеч қачон унутмайди!

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг