Валюта курслари 27/12/2024
$1 – 12920.48
UZS – -0.06%
€1 – 13436.01
UZS – -0.19%
₽1 – 130.17
UZS – 0.39%
Қидириш
Ўзбекистон 13/09/2016 Ўзбек халқи ўз тақдирини ўзи белгилашга ҳақли!!!
Ўзбек халқи ўз тақдирини ўзи белгилашга ҳақли!!!
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Шу кунларда ўзбек халқи оғир жудоликни бошидан кечириб, мамлакатимиз мустақиллигининг меъмори, буюк давлат ва сиёсат арбоби, халқимиз қалбига абадий муҳрланган буюк сиймо, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов билан видолашди.

Доно, матонатли ва ўз тақдирини белгилашга бефарқ бўлмаган халқимиз олдида жуда масъулиятли вазифа кўндаланг бўлиб қолди. Бу ҳам бўлса, ўз келажагини белгилаш, муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич сиёсатининг бардавомлигини таъминловчи раҳбарни танлаш вазифаси ҳисобланади.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, юртимиз тараққиётини белгилаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётган мамлакатимиз Конституциясининг 96-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади.

Олий Мажлис палаталарининг 2016-йил 8-сентябрдаги қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Асосий Қонунимиз ва бошқа ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини Бош вазирнинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди.

Мазкур таклиф моҳиятан барчамиз учун оғир бир пайтда халқимизнинг иродасини ҳисобга олган ҳолда, юртимизда тинчлик, ободлик ва фаровонликни таъминлашдек масъулиятли вазифани сидқидилдан адо эта олиш учун энг муносиб инсонни танлашга йўналтирилган ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий заминга ва асосга таянган эди.

Хусусан, биринчидан, ушбу таклиф Бош Қомусимизнинг 2 ва 7-моддаларига асосланган ҳолда, яъни бевосита халқ иродасини инобатга олиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни теран англаган ҳолда илгари сурилди. Зотан, Конституциямизнинг юқорида қайд этилган моддаларида давлат халқ иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги, давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Конституция ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилиши бежизга белгилаб қўйилмаган.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини Бош вазир зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги Олий Мажлис қарори Конституцияга тўла риоя этган ҳолда ва унинг бир қатор нормаларини бевосита амалга ошириш асосида қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунончи, олий давлат ҳокимият вакиллик органи – Олий Мажлиснинг Ўзбекистон халқи номида иш олиб бориши Қомусимизнинг

10-моддасида мустаҳкамланган бўлса, палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар муҳим масалалар юзасидан ўтказилиши унинг

81-моддасида ҳамда парламент палаталари ўз ваколатларига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиши Конституциянинг 82-моддасида аниқ-равшан белгилаб қўйилган.

Учинчидан, Конституциямиз ва бошқа бирон-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ҳам Сенат Раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бошқа мансабдор шахс зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги таклифни илгари суришига оид таъқиқловчи норма мавжуд эмас. Бу ўз навбатида, ўз миллати ва юрти тақдири учун бефарқ бўлмасдан, бутун халқимиз учун мақбул бўлган оқилона қарорни қабул қилиш учун замин ҳозирлайди ва француз мутафаккирлари томонидан асосланган ҳамда асрлар давомида замонавий демократик-ҳуқуқий давлатнинг тамал тошига айланган “қонунда таъқиқланмаган барча нарсани амалга ошириш эркиндир”, деган умумэътироф этилган тамойилга тўлақонли мос келади.

Юқоридагилар билан бир қаторда мазкур амалиёт илғор, демократик ва тараққий этган давлатлар ҳуқуқ тизимида ҳам мустаҳкам ўрин олганлигини яна бир карра эсга олиш фойдадан холи бўлмайди. Хусусан, АҚШ Конституциясида Президент ўз зиммасидаги вазифа ва мажбуриятларни бажара олмайдиган ҳолатларда ушбу ваколат Вице-президент зиммасига, агар у ҳам ушбу вазифани бажара олмаса, Конгресс томонидан бошқа мансабдор шахс зиммасига юкланиши тўғрисидаги қоида (2-моддаси 1-бўлими) узоқ йиллар давомида амал қилиб келмоқда.

Бу борада айниқса Франция тажрибаси жуда катта қизиқиш уйғотади. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов 2010-йил 12-ноябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида Конституциямизнинг 96-моддасига тузатиш киритиш юзасидан таклиф билдирганларида, айнан Франция тажрибасини мисол сифатида қайд этиб ўтган эдилар. Чунончи, Франция Конституциясида муайян сабабларга кўра мамлакат Президенти ўз зиммасига юклатилган вазифа ва ваколатларни бажара олмаса ушбу вазифа ва ваколатлар Сенат Раиси зиммасига юклатилиши ва башарти Сенат Раиси ҳам ушбу вазифаларни зиммасига олишни рад этса, Ҳукумат зиммасига юклатилиши белгилаб қўйилган.

Ёки бўлмаса, Чехия Республикаси конституциявий амалиётига мурожаат этадиган бўлсак, ушбу давлат Конституциясида амалдаги Президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари Ҳукумат раиси ва парламент қуйи палатаси раиси зиммасига юклатилиши қайд этилган.

Яна бир гуруҳ мамлакатлар, масалан, Россия Федерациясида ҳам Конституцияга асосан, Президент ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажара олмаса, унинг вазифаси вақтинча Ҳукумат Раиси томонидан амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Юқорида қайд этиб ўтилган хорижий мамлакатлар қонунчилиги таҳлили асосида амалдаги Президент ўз зиммасидаги вазифаларни бажара олмаган ва Парламент юқори палатаси раҳбари ушбу вазифаларини ўз зиммасига олишни рад қилган ҳолларда, ушбу вазифалар Ҳукумат раҳбари зиммасига юклатилиши энг илғор хорижий тажрибага ҳамда замонавий ва демократик тартиб-таомилларга мутлақо мос келишининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, миллий қонунчилигимиз ҳамда хорижий амалиёт таҳлили асосида шуни тўла ишонч билан қайд этиш жоизки, Олий Мажлис палаталарининг 2016 йил 8 сентябрдаги қарори Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларига ва ўзбек халқи иродасига тўлиқ жавоб беради. Шу ўринда, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг “халқимизни ўз танлаган йўлидан ҳеч ким, ҳеч қачон қайтара олмайди”, деган чуқур пурмаъно фикрларини яна бир карра ёдга олиш жоиз.

А.Махмудов,
Сенат девони Юридик бўлими
мудири ўринбосари

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг