Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 24/01/2024 Ўзбек тили миллий қадрият сифатида
Ўзбек тили миллий қадрият сифатида

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари миллий қадриятларимиздан бири ҳисобланувчи ўзбек тилини мукаммал билиш иқтисодий фаровонликка қандай таъсир қилишини эконометрик ёндашув асосида ўрганиб чиқди. 

Миллатнинг биринчи кўриниши бу тил. Шу боис ҳам дунёда ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир миллат аввало ўз она тилини улуғлайди. Чунки ўтмиш, бугун ва келажак тил билан бирга яшайди, сақланиб қолади ва ривож топади. Биз ўз олдимизга дунёдаги ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишдек мақсадни қўйган эканмиз, аввало она тили ва унга бўлган ҳурматни қадрият деб билишимиз даркор. 

Миллий юксалиш ҳақида сўз кетганда унинг аввало ўзбек тили билан боғлиқ эканлигини унутмаслик даркор. Шунинг учун ҳам ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчилари меҳнатини рағбатлантириш, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадасини ўтказиш ҳамда олий таълим муассасаларида ўзбек тили филологияси йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш бу борадаги муҳим қадамлардандир. 

Она тилини мукаммал билиш иқтисодий жиҳатдан ҳам аҳамиятли. Мутахассислар томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, она тилини пухта ўрганиш инсон капиталига қилинган муҳим сармоядир. Она тилига асосланган таълим (Mother Tongue Based) аҳолининг саводхонлиги билан бирга муваффақиятли ўқиш ва меҳнат бозорига кириш имкониятларини оширади. Шунингдек, маҳаллий тилга кўпроқ эътибор қаратадиган мамлакатларда ижтимоий тараққиёт, ҳаракатчанлик ва капиталнинг яхшиланиши аниқланган.

ЮНЕСКО тадқиқотига кўра, ўрта муддатли истиқболда она тилига асосланган таълим дастурларида таълим олган болалар нафақат саводхонлик кўникмаларини, балки ўзига бўлган ишонч ва маданий ғурурни ҳам оширади. Она тилини мукаммал билиш иккинчи чет тилини ўрганишда ёрдам бериб, ўз навбатида иш ҳақининг (иккинчи тилни билгани учун) ошишига олиб келади. Шунингдек, она тилини ўрганишдаги кўникмалардан чет тилларни ўзлаштиришда кенг фойдаланилади. 

Методология. Мазкур тадқиқотдаги ҳисоб-китобларда Ўзбекистонда 2021-йил учун уй хўжаликлари бюджетини ўрганиш бўйича ўтказилган сўров натижаларидан фойдаланилди. Тадқиқотда она тилини билиш умумий таълимдаги муваффақиятни (таълим йилларини) оширади ва иккинчи чет тилини ўрганишда ёрдам беради, деган гипотезалар шакллантирилган. Ушбу гипотезаларни текширишда регрессия моделидан фойдаланилди.

Бундан ташқари, иккинчи тилни билиш иш ҳақи устамаларининг ошишига олиб келишини баҳолашда Минсернинг иш ҳақи моделидан, чет тилини билишнинг иш ҳақига таъсири баҳолашда оддий регрессия ва ўзгармас эффект (fixed effect) моделларидан фойдаланилди.

Натижалар. Эконометрик таҳлиллар она тилини билиш бошқа тилларни ўзлаштириш эҳтимоли ва умумий таълим даражасини оширишини кўрсатди.

Шунингдек, ўрта ёки олий маълумотга эга бўлган ёшлар орасида чет тилларни билиш эҳтимоли юқори эканлиги аниқланди. Ўзбекистонда ҳар бир қўшимча ўқилган таълим йили иш ҳақининг 8,79 фоизгача ошишига (дастлабки тадқиқотда Жиззах вилоятида 12,5 фоизгача) олиб келади.

Амалиётда қўллаш учун:
▪️Ўзбек тилида асарлар, жумладан санъат асарлари, китоблар ва бошқа материалларнинг яратилиши, турли дастурларнинг ишлаб чиқилишига ҳисса қўшинг. 
▪️Ўзбек тили ва адабиётини бойитиш, ўзбек тилининг нуфузини оширишга ҳаракат қилинг.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг