Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 02/08/2023 Ўз-ўзига хизмат кўрсатиладиган кирхоналарни ташкил этиш ойига ўртача 10 соатдан 24 соатгача вақтни тежаш имконини беради
Ўз-ўзига хизмат кўрсатиладиган кирхоналарни ташкил этиш ойига ўртача 10 соатдан 24 соатгача вақтни тежаш имконини беради

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари мамлакатимиз ҳудудларида кир ювишнинг ўзига хос жиҳатлари ва ўз-ўзига хизмат кўрсатилувчи кирхоналарни ташкил этиш масаласини кўриб чиқди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аёлларнинг ярми иқтисодиёт секторида банд. Шу билан бирга, аёллар ўртасида ишсизлик даражаси тахминан 13-14 фоизни ташкил қилади. Бу кўп ҳолларда уларнинг уй ишлари ва бола парваришида банд эканлиги билан боғлиқ.

Мавзуни ўрганиш жараёнида онлайн сўров ўтказилди ва унда 1047 киши иштирок этди. Уларнинг 52,6 фоизи аёллар, 47,4 фоизи эркаклардир. Сўров натижасида кир ювишнинг қуйидаги ўзига хос жиҳатлари аниқланди:

- аҳолининг кундалик турмушида кир ювиш машинасидан фойдаланиш даражаси ўртача 69,3 фоизни ташкил этади (қишлоқларда – 49,5 фоиз, шаҳарларда – 82,3 фоиз), кирни қўлда ювадиганлар улуши - 31 фоиз;

- респондентларнинг 48,6 фоизи кирни ҳафтада 2 маротаба, 22,8 фоизи бир маротаба, 25 фоизи эса ҳар куни ювишини билдирди;

- сўровда қатнашганларнинг 65,2 фоизи кир ювиш учун 1-2 соат, 21,8 фоизи 30 дақиқа, 13,0 фоизи 3 соат ва ундан кўпроқ вақт сарфлашини таъкидлаган. 3 соатдан ортиқ вақт сарфлайдиганларнинг асосий қисми кирни қўлда ювади;

- шу билан бирга, уй хўжаликларининг инфратузилма таъминотида электр энергияси (54,0 фоиз), сув қувури ва оқова сувларни чиқариб ташлаш ҳамда канализация тизимлари бўйича (23 фоиз) узилишлар кузатилиши маълум бўлди. 

Халқаро тажриба ҳамда сўров натижаларидан келиб чиққан ҳолда марказлашган кир ювишда ўз-ўзига хизмат кўрсатиладиган кирхоналарни ташкил этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этиш мумкин.

Респондентларнинг 65,3 фоизи ўз-ўзига хизмат кўрсатадиган кирхоналарни ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Уларнинг 26,1 фоизи гигиена ва тозалик даражасининг ошишини ижобий ҳолат сифатида кўрсатган бўлса, 22,3 фоизи вақтни тежаш имконияти пайдо бўлишинни таъкидлаган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ўз-ўзига хизмат кўрсатиладиган кирхоналарни ташкил этиш ойига ўртача 10 соатдан 24 соатгача вақтни тежаш имконини беради. Бу вақтдан саводхонликни, касб маҳоратини ошириш, бола парваришида унумли фойдаланиш мумкин.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг