Унда партия томонидан ўтган бир йил мобайнида амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий жиҳатдан сарҳисоб қилиниб, галдаги аниқ ва мақсадли вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, бугунги туб ислоҳотлар Ўзбекистон тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олган партия ва унинг қуйи бўғинлари олдига сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиш, ўз электорати манфаати ва хоҳиш-истакларини қонуний ифода этишга кўмаклашиш, аҳолининг сиёсий маданиятини ошириш, демократлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, мамлакатда ўрта синф вакилларини ишончли ҳимоя қилиш орқали фаровонликни янада юксалтириш вазифасини қўймоқда.
Партия ўтган 2016 йилда фаолиятини ана шундай талаблар асосида ташкил этиб, бор куч ва имкониятларини Сайловолди дастури вазифаларини амалга оширишга, шу жумладан, жамиятни либераллаштириш ва демократлаштириш, тинчликни таъминлаш, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш ва партия электоратининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳасида самарали ишларни амалга оширди.
Ҳисобот даврида O‘zLiDeP ўз олдига фаолиятининг асосий йўналиши сифатида партиянинг мамлакатнинг ривожлантириш борасидаги фаолиятини янада чуқурлаштириш, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини мустахкамлаш, депутатлик гуруҳларга берилган ваколатлардан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларни амалга оширишда унумли фойдаланилди. Айниқса, ўз электорати бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар, фермерлик ҳаракати ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларининг интилишларини ифода этиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш учун партиянинг барча бўғинлари фаолиятини муттасил яхшилаб боришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Мазкур жараёнда давлатимиз раҳбарининг ўтган йили партиямизнинг VIII Съездидаги маърузаси, қолаверса O‘zLiDePнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бир қаторда, O‘zLiDeP тузилмалари ва депутатлик бирлашмалари олдига амалдаги қонунчилик, давлат дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, ҳукумат қарорлари, ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини назорат ва таҳлил қилиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш учун депутатлик эшитувларини ташкил этиш ҳамда уларни партия воситалари орқали ўз вақтида ҳал қилиш каби устувор вазифалар қўйилган.
Жумладан, ҳисобот даврида депутатлик гуруҳлари томонидан ҳудудларда катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ёшларни иш билан бандлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш тарзини янада ошириш масалалари, шунингдек, ҳудудлар иқтисодиётга ҳал қилувчи кучга айланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерликни ривожлантириш масалалаларига доир 953 та депутатлик назорат-таҳлил фаолияти ташкил этилди, ижро ҳокимияти идоралари раҳбарларининг 2 минг 971 та эшитувлари ўтказилди, 5 минг 100 та депутатлик сўровлари билан мурожаат қилинган, Халқ депутатлари Кенгашларига киритилган 1 минг 682 та таклифларнинг 1 минг 185 таси Кенгашларда муҳокама этилиб тегишли қарорлар қабул қилинган. Шунингдек, ўтган йил давомида тадбиркор ва фермерлар томонидан депутатлик гуруҳларига 3 минг 625 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган.
Бугун давр шиддат билан ривожланмоқда. Ушбу жараёнда инсон манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш муҳим масалалардан биридир. Бу эса Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари олдига қонунлар ва жумладан бевосита партия электорати манфаатларини ифода этадиган қонунлар ижроси устидан самарали депутатлик назоратини олиб боришни тақозо этади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида партия депутатлик гуруҳлари олдида ҳам улкан устувор вазифалар белгилаб берилганлиги муҳим аҳамият эга.
Йиғилишда ҳисобот даврида партия ҳудудий кенгашлари ва депутатлик бирлашмалари томонидан йўл қўйилган камчиликлар ва фойдаланилмай қолган имкониятлар қаттиқ танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди. Айрим ҳудудий партия ташкилотлари ва партия депутатлик гуруҳлари O‘zLiDeP сайловолди Платформасини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, депутатлик назоратининг энг муҳим ва самарали шакли бўлган назорат-таҳлил, эшитув ҳамда депутатлик сўровлари меҳанизмларидан самарали фойдалана олмаётганлиги айтиб ўтилди. Бу борада тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Мажлисда партия ҳаракат дастурида белгилаб берилган бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, хусусий мулк устуворлигини ва ҳимоясини таъминлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини танқидий қайта кўриб чиқиш, унда хусусий тадбиркорлик улушини кўпайтириш, фермер хўжаликларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, қишлоқда реал мулкдорлар синфини шакллантириш, бизнес муҳитини яхшилаш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва бошқа устувор йўналишларда олиб борилган ишлар, бу борада йўл қўйилган камчиликларга алоҳида эътибор қаратиб ўтилди.
Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни аниқлаш, уларнинг туб сабабларига етиб бориш, чуқур таҳлил қилиш, ҳал этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш борасида ишлар тизимли асосда олиб борилмаганлиги танқидий муҳокама қилинди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинган 2017 йилда аҳоли билан мулоқот қилишнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, реал ҳаётдан ва халқ эҳтиёжларидан узилиб қолаётган ташкилот ва идоралар ҳамда уларнинг раҳбарлари фаолиятига танқидий баҳо бериш, депутатлик ваколатлари доирасида эшитувлар, назорат-таҳлил фаолиятини ташкил этиб бориш, партия электорати бўлган тадбиркор ва фермерлар олдида турган бир қатор муаммолар, тўсиқ ва ғовларни бартараф этишда кучли депутатлик назоратини олиб бориш, хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликнинг турли йўналишларига жалб қилиш борасида устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан партиянинг тегишли қарори қабул қилинди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати