Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан иқтисодийётимизнинг локомативига айланиб улгурган кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатининг ривожи учун қулай ишбилармонлик муҳитни яратиш, қўшимча имтиёзлар ва преференциялар ажратиш, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар амлга оширилмоқда. Қолаверса, замонавий билим ва малакага эга бўлган изланувчан тадбиркорлар томонидан билдирилаётган таклифлар ва ҳаётга тадбиқ этилаётган янгиликлар соҳа ривожи учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, бу жараёнларда аёл тадбиркорларнинг фаол иштироки, ташаббуси қўллаб-қувватланиб, керакли шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
2016 йил 29 январь куни O’zLiDePСиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан «Қишлоқ ва туманларда хизмат кўрсатиш соҳасини изчил ривожлантириш - хотин-қизларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги муваффақиятининг гаровидир» мавзуида ташкил этилган давра суҳбатида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Унда қишлоқ ҳудудларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида O’zLiDeP электорат манфаатларини ифода этаётган амалий ишлар, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган ҳукумат қарорларининг бажарилишини таъминлаш масалалари, қишлоқларда қўшимча инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва муқобил таклифларни ҳаётга татбиқ этишда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг масъулиятини кучайтириш, соҳа ривожи йўлида хизмат қилаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, ўтган йили иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, бандликни таъминлаш, одамларимизнинг даромади ва ҳаёт сифатини оширишнинг муҳим омил ва йўналишларидан бири тариқасида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш борасидаги тизимли ишлар изчил давом эттирилди. Мазкур масалаларга Президентимизнин гмамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, 2015 йилда ялпи ички маҳсулот ўсишининг ярмидан кўпи хизмат кўрсатиш соҳаси ҳиссасига тўғри келгани бу тармоқнинг иқтисодиётимиздаги ўрни ва таъсири нақадар катта эканини кўрсатади. Бугунги кунда хизмат кўрсатиш соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2010 йилдаги 49 фоиздан 54,5 фоизга етди. Жами банд аҳолининг ярмидан кўпи ушбу соҳада меҳнат қилмоқда.
Банк, суғурта, лизинг, консалтинг ва бошқа турдаги бозор хизматлари барқарор суръатлар билан ривожланмоқда, улар хусусий сектор ва кичик бизнес ривожига хизмат қилмоқда. Хизмат кўрсатиш соҳасида 80 минг 400 та кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда ва бу хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари умумий сонининг 80 фоиздан ортиғини ташкил қилади.
Қишлоқ ва туманларимизда хизмат кўрсатиш соҳасини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада жадал ривожлантириш дастури доирасида сўнгги уч йилда 22 минг 800 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми 1,6 баробар, қишлоқда бир кишига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 1,5 баробар ошди.
Тадбирда сўз олганлар амалга оширилаётган ислоҳотларда партия ҳам ўзининг ташаббуси, янги ғоялари билан фаол иштирок этаётганлигини қайд этишди.
Шу маънода O’zLiDePсайловолди дастурида ҳам тадбиркор ва ишбилармонлар фаолияти ялпи миллий маҳсулотнинг яратилишида етакчи ўрин эгаллаши ҳамда фуқаролар фаровонлигини оширишда асосий омил бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, ҳудудларнинг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш, ҳудудларни барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш истиқболларини белгилашда уларнинг ролини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш учун ҳаракат қилади.
Партия бу борада халқаро стандартларга жавоб берадиган хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш, унинг мамлакатимиз ЯИМдаги улушини ошириш, алоқа ва ахборотлаштириш, (шу жумладан, компьютер дастурлаш, электрон таълим) асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш каби янги замонавий хизматларни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш ўта муҳим, деб ҳисоблайди.
Ана шу мақсаддаO’zLiDeP «Аёллар қаноти» томонидан ҳам аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мақеини ошириш, бизнесни йўлга қўйишда кўмаклашиш, ушбу соҳадаги билимларини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, «Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага» лойиҳаси асосида юзлаб аёлларнинг бандлиги таъминланмоқда. Тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш доирасида маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари, гўзаллик салонлари, соғломлаштириш муассасалари очилмоқда, бу эса хотин-қизларнинг уй юмушларини енгиллаштириш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими минглаб аёллар партиянинг мазкур лойиҳа доирасидаги кўплаб тадбирларда ўз иқтисодий билимларини ошириш имконига эга бўлиб, 4 мингдан ортиқ аёллар янги иш ўринлари билан таъминланди. 2015 йилда мазкур лойиҳада фаол қатнашган аёлларга тижорат банклари томонидан6 миллиард сўмга яқин кредитлар ажратилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбир доирасида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида бир неча йиллардан буён хизмат қилаётган, катта малакага эга бўлган ишбилармон, тадбиркор аёллар ўз иш фаолиятлари, тажрибалари билан ўртоқлашиб, ўзаро фикр алмашдилар. Тадбир давомида билдирилган таклифлардан шундай хулосага келиндики, қишлоқ жойларида сервис ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, аёллар, айниқса, коллежни тамомлаётган ёш қизларнинг бандлигини таъминлаш бир сўз билан айтганда, электорат вакилларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, самарали ҳимоя қилиш учун бундай амалий ташаббусларни янада кўпайтириш зарур.