Мажлисда тараққиётнинг “ўзбек модели”ни ва мамлакатни ўрта муддатли истиқболда янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва модернизация қилиш Дастурини изчил амалга оширишни давом эттириш самарасида 2016 йилда иқтисодий ўсишнинг барқарор ва юқори суръатларини сақлаб қолингани, макроиқтисодий мувозанат, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифати ошиши таъминлангани таъкидланди. Жумладан, хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб- қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши 2016 йилда 32 мингтага яқин ёки 2015 йилга нисбатан 18 фоизга кўп кичик бизнес субъектлари ташкил қилинишига хизмат қилди. Кичик бизнеснинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги ҳиссаси 56,9 фоизгача, саноатда эса 45 фоизгача ошди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидланган «ғалаба рапортлари» ва қилинган ишга доир ҳисоботларга берилмасдан, асосий диққат-эътиборни мавжуд камчиликлар ва уларнинг илдизларини пухта таҳлил қилишга қаратиш зарурлиги тўғрисидаги фикрларига эътибор қаратилди. Мажлис иштирокчилари таъкидлаганидек, Президентимиз маърузасида мамлакатимиз ҳаётининг барча муҳим соҳаларидаги ҳақиқий аҳвол қатъий ва адолатли таҳлил қилинган. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни ривожлантиришнинг очиқ ва холисона манзарасини баён этди, мавжуд камчиликларни кўрсатди, тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Шу муносабат билан мажлисда O‘zLiDePнинг ҳар бир фаоли ўз фаолитига шундай танқидий баҳо бериши шартлиги қайд этилди.
Мажлис иштирокчилари партия фаолиятини жойлардаги амалга оширилаётган ишларни танқидий таҳлил қилиш, асосий эътиборни мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга қаратиш нуқтаи назаридан жиддий қайта кўриб чиқиш принципиал жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга вазифа эканлиги таъкидланди. O‘zLiDeP депутатлик корпуси ўзининг назорат-таҳлилий фаолиятида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантиришнинг белгиланган кўрсаткичларига эришилмаслиги сабаб ва омилларини аниқлашга қаратилган ишларни тубдан кучайтириши ҳамда қайси соҳада камчиликлар бўлса, уларнинг мазкур соҳалар учун шахсан жавобгар бўлган шахслар томонидан бартараф этилиши бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Тадбирда жойларда электорат билан ишлаш самарадорлигини кескин ошириш лозимлиги, аҳолини ўйлантираётган масала ва муаммоларни партия иштирокида ҳар томонлама муҳокама этиш ва уларнинг ҳақиқий ечимини топиш муҳимлиги хусусида сўз юритилди. Айниқса, турли маълумотнома, рухсатнома ва сертификатлар, кредит олишда неча кунлар навбатда туриш, ноқонуний текширувлар, иқтисодий ва молиявий фойданинг бой берилиши ҳолатларини қатъий ўрганиш ва уларга барҳам бериш лозим.
O‘zLiDeP мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш йўлида изчил илгарилаб боришини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиши лозимлиги қайд этилди.
Мажлисда муҳокама қилинган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати.