Айтиш керакки, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга кўра, партиядан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг белгиланган қонун меъёрлари асосида имзоларни тўплаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкинлиги белгиланган. Бу албатта, имзо тўплаш билан боғлиқ жараёнларда сиёсий партиялар катта масъулият талаб қилади. Зеро, мазкур жараён сиёсий партиянинг жамият ҳаётида ўрнини белгилаб берувчи асосий жараёнлардан ҳисобланади. Шу боисдан бу жараёнга жиддий эътибор ва масъулият билан ёндашилмоқда.
Хусусан, Самарқанд вилоятида ҳам қонунчиликда белгиланган меъёрлар асосида, сайловчилар имзосини тўплаш меҳнат жамоаларида, корхоналарда, маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва имзо тўплаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа жойларда олиб борилмоқда. Шунингдек, имзо йиғиш босқичини уюшқоқлик билан ўтказишда туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда 1060 та бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда.
Чунончи, "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонунга биноан партия томонидан тақдим этиладиган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сонининг камида бир фоизини ташкил этиши керак. Бу кўрсаткич Самарқанд вилоятида 2 миллион 337 минг 738 нафар сайловчининг 1 фоизи 25 минг нафарни ташкил этмоқда.
– Имзо тўплаш жараёни сайловга тайёргарликнинг дастлабки муҳим босқичларидан бири ҳисобланади, – дейди O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ташкилий-партиявий ишлар мудири Жоҳонгир Ҳўжамқулов. – Шу сабабдан ҳозирда партиямизнинг ҳар бир фаоли бу ишга маъсулият билан ёндашмоқда. Энг муҳими, имзо тўплаш жараёнида партия бошланғич ташкилот аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда. Айни кунгача O‘zLiDeP кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи 18 мингдан ортиқ юртдошларимизнинг имзолари йиғилди.
Ҳа, бугун мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борада аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларни, айниқса, сайловда биринчи маротаба иштирок этаётган ўғил-қизларни сайловга оид тушунчаларини кенгайтириш мақсадида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилмоқда. Бу ўз навбатида, ёшларни сиёсий, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш баробарида, уларни сиёсий жараёнга янада фаолроқ иштирок этишига замин яратиши шубҳасиз.
– Мен партиядан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб, биринчилардан бўлиб имзо қўйдим, – дейди "MAN" автомобил заводи ишчиси Сухроб Пулатов. – Чунки бўлажак сайлов биз ёшларга яна кенг имкониятлар эшигини очиб беришга ишонаман. Зеро, маазкур сайловда мен қатори мамлакатимизнинг миллионлаб ёшлари муносиб номзод учун овоз бермоқда.