Тадбир иштирокчилари дастлаб "Аъзам Азамат Агро" кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишиб, бу ерда полиз-сабзавот экинлари экиш, интенсив усулдаги боғ ва токзорлардан фойдаланиш, иссиқхона ташкил этиш, тўқсонбости усулида экилган экинлар, уни томчилатиб суғоришнинг афзалликлари, боғ қатор орасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, боғ ва токзорларга кимёвий ишлов бериш, мева ва сабзовотларни сақлайдиган музлаткичлар ҳамда 2015 йилда фермер хўжалик 1,5 милярд сўмдан ортиқ фойда кўришига сабаб бўлган маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
Рустам Қобилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:
— Бугунги давр фермерлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, фермерлик ҳаракатини янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда. Шу талабдан келиб чиққан ҳолда фермер хўжаликларининг молиявий асосини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, соҳага янги технологияларни кенг жорий этиш каби муҳим вазифалар турибди. Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги Қарори эса бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Қарорни муҳим жиҳати шундаки, бевосита полиз экинлари, узум, мева-сабзовотларини қайта ишлайдиган мулкчилик шаклдан қаътий назар хусусий корхоналар хориждан келтирилаётган технология ва асбоб ускуналар учун солиқ ва божхона имтиёзларига эга бўлишди.
Таъкидланганидек, бугун мамлакатимиз фермерлари томонидан етиштирилаётган ва қайта ишланган маҳсулотлар нафақат ички балки ташқи бозорда ўз ўрнини топаётгани хорижий давлатларнинг юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.
Биргина Самарқанд вилоятида 2015 йилнинг ўзида вилоятда 1 млн. 122 минг тоннадан ортиқ сабзавот ва картошка, 103 минг 714 тонна полиз маҳсулотлари, 556 минг 837 тонна узум, 375 минг 46 тонна мева етиштирилди. Жорий йилда эса 678 гектар ер майдонида боғлар ва токзорлар барпо этилиши ва бунинг натижасида 572 та иш ўринлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Абдурафиқ Ҳамидов, Самарқанд туманидаги "Ҳамидов Ҳалим Саҳовати" фермер хўжалиги раҳбари:
- Гувоҳи бўлаётганимиздек, истиқлол йилларида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли вужудга келган ва йил сайин ривожланиб бораётган фермерлик ҳаракати бугун мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллади. Унинг натижаси ўлароқ, фермерликда янги босқияни бошлаб берган мазкур қарордан сўнг Россия федерациясидаги компаниялар билан 10 млн. АҚШ долларлик маҳсулотни экспорт қилиш бўйича шартнома туздик. Қолаверса, мазкур ҳужжат асосида мева-сабзавот ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун қатор имтиёзлар жорий этилгани фермерларда мулкка эгалик ҳиссини кучайтириб, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли фермерлик ҳаракати янада такомиллашиб бормоқда. Уларнинг юқори натижаларга эришиши нафақат қишлоқ аҳлининг даромади ошишига, балки юртимизда сифатли ва мўл-кўл озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қондиришга хизмат қилмоқда.