Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 27/04/2017 O‘zLiDeP: нуронийлар эъзоз ва эътиборда
O‘zLiDeP: нуронийлар эъзоз ва эътиборда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йил 26 апрель куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси ҳамкорлигида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Эъзоз ва эътирофдан нурафшон диллар” мавзуида маънавий тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ва партия фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда эътироф этилганидек, инсоният оламидаги барча эзгу ишлар пойдевори тинч­лик туфайли! Шу оддий ҳақиқатни англаш эса ҳар бир юртдошимиз учун юртни қадрлаб, осойишталикни улуғлашга асос бўлади. Бугунги замонда шундай тушунча билан яшаган хушёр ва сергак миллат, ўз келажаги хавфсизлигини ўйлаган халқ нурафшон эртасини ярата олади.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларини қутлаб, эъзоз ва эҳтиром кўрсатган депутатлар ва партия фаоллари истиқлол йиллари буюк авлод-аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, ўтганлар руҳини шод этиш, кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш эзгу анъанага айланганлиги, бу ўз навбатида, янги авлод тафаккурида ҳам тарихга ҳурмат билан қараш туйғусини шакллантираётганлигини қайд этишди.

— Ушбу кунда ёши улуғ инсонлар, айниқса, уруш ва меҳнат фахрийларимизни эслаш, ҳолидан хабар олиш, ҳамиша уларга нисбатан эътиборли бўлиш барчамиз учун анъанага айланган, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Қаҳрамон Эргашев. — Фахрийларимизнинг саломатликларини доимий назоратга олиш, уларни бепул даволанишлари ва дам олиш масканларида соғломлаштириш ишлари мунтазамлигини таъминлаш Ҳаракатлар стратегиясида ҳам белгиланганлиги уларга нисбатан эътиборни яна бир босқичга кўтарди.

Айниқса, яқиндагина эълон қилинган Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони асосида мамлакатимиздаги барча уруш қатнашчилари моддий ва маънавий рағбатлантирилиши, қолаверса, ҳудудларда ҳар бир уруш қатнашчисига миллий автомобилларни имтиёзли харид қилишга оид фаолият йўлга қўйилганлиги бу борадаги ишлар нечоғли аҳамиятли эканлигидан далолат беради. Энг муҳими нуронийлар ва кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилатларни ёш авлоднинг қалбига сингдириш, пиру бадавлат, хонадонларимизнинг файзи бўлмиш ота-оналаримизни эъзозлаш, уларнинг дуосини олмоқлик энг эзгу фазилатлардан саналади.

— Биз, фахрийлар тинчлик ва осойишталикнинг қадрини кўпроқ ва чуқурроқ англаймиз, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мадамин Хасанов. — Чунки фронтларда жон олиб, жон беришимизга тўғри келган. Мана, ўша машаққатли йиллар ортда қолди. Бугун эл-юрт, невара-чеваралар ардоғида фаровон ҳаёт кечираяпмиз. Айниқса, Президентимиз томонидан уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган юксак эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Шу кунларга етказганига шукр.

Юқоридагидек дил сўзлар бугун барча ҳудудларимиздаги фахрийлар, кекса онахон ва отахонларимиз тилидан баралла янграётгани бежиз эмас. Нега деганда, уларга юксак ғамхўрлик кўрсатилиб, ҳар қандай масалада улар хоҳиш-истаклари инобатга олинаяпти. Айниқса, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан маҳаллий ҳокимликлар, «Нуроний» жамғармаси, сиёсий партиялар вакиллари фахрийлар хонадонига ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишмоқда. Бу ҳам бўлса, ўзбекона бағрикенглик нишонасидир.

Тадбирда ташкилотчилар томонидан уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилганларга, жангда ҳалок бўлганларнинг оилаларига байрам совғалари топширилди ва байрам дастурхони ёзилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг