Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 29/08/2017 “O‘zLiDeP кутубхонаси” лойиҳаси доирасида Шароф Рашидов туманида янги кутубхона очилди
“O‘zLiDeP кутубхонаси” лойиҳаси доирасида Шароф Рашидов туманида янги кутубхона очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 26 йиллини кенг нишонлаш доирасида O‘zLiDeP томонидан ҳам бир қатор янги лойиҳалар эълон қилинган эди.

Бугун ушбу лойиҳалар тобора кенг қулоч ёйиб, мамлакатмизнинг барча худудларини қамраб олмоқда. Уларнинг ҳар бири муҳтарам Президентимиз илгари сураётган ғояларни ҳаётга жорий этишда O‘zLiDePнинг иштирокини таъминлашдан, аҳолини ўйлантираётган муаммоли масаларни ҳал қилиш орқали аниқ мақсадни кўзда тутувчи ишларни амалга оширишдан иборатдир.

Мазкур лойиҳалар орасида “O‘zLiDeP кутубхонаси” лойиҳаси алоҳида ўрин тутади.

Унинг юзага келиши бевосита давлатимиз раҳбарининг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида илгари сурган муҳим ғоялари билан боғлиқ. Ўша маърузаларида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Айни вақтда ёшларни китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим”лиги тўғрисдаги фикрни илгари суриб, бу борадаги аниқ вазифаларни белгилаб берган эдилар.

Ушбу вазифани амалга ошириш борасида ишлаб чиқилган ва бугун ҳаётга жорий этилаётган “O`zLiDeP кутубхонаси” лойиҳаси эртамиз эгаларининг маданий-маънавий эҳтиёжларини таъминлаш, доимий китоб мутолаа қилишга ўргатиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Мазкур йўналишда бошлаб юборилган тизимли саъй-ҳаракатлар натижасида шу кунга қадар партия томонидан республикамизнинг барча ҳудудлардаги қишлоқ ва маҳаллаларда 20 га яқин “O`zLiDeP кутубхонаси” ташкил қилинди. Бугунга келиб, бундай кутубхоналар Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Хоразм, Фарғона вилоятларининг бир қатор туманлари маҳаллаларида фаолият олиб бормоқда.

Бугун Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Олмача” маҳалла фуқаролар йиғинида “O‘zLiDeP кутубхонаси”нинг очилиши бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар тизимида алоҳида ўрин тутади, десак муболаға бўлмайди.

Айни пайтда ушбу кутубхона 3 мингдан ортиқ китоб фонди билан очилган бўлса, тез орада жами китоблар сони 5 мингга етказилиши кўзда тутилган. Ушбу хайрли хабар маҳалладаги каттаю-кичик, айниқса ёшларни бирдек қувонтирди. Кутубхона очилиш маросимида вилоятдаги ижодкор ёзувчилар, шоирлар, партиянинг “Аёллар қаноти” фаоллари, ёшлар, тадбиркор ва фермерлар, маҳалла фаоллари иштирок этишди.

– Яна саноқли кунлардан сўнг кенг нишонланадиган мустақиллик байрами арафасида ташкил этилган ушбу кутубхона маҳалламиз аҳли, айниқса ёшларимиз учун жуда катта туҳфа бўлди, - дейди маҳалла фаоли Шодиёр Қўчқоров. –Фарзандларимиз бу даргоҳга келиб, ўз билимларини бойитиб, бундан-да юксак чўққиларни эгаллашларига шубҳам йўқ. Сабаби, китоб инсонларда ватанпарварлик, инсонпарварлик, миллий ифтихор, ҳалоллик, аҳлоқий поклик, ҳурфикрлилик каби энг зарур фазилатларни шакллантиради. Бундай тарбия топган фарзанд ўз юртига содиқ ва ота-онасига меҳрибон бўлади. Болаларимизни илмга ошно қилишда биз катталар ҳам шахсий намуна бўлишни доимо ёдда тутишимиз лозим.

Кутубхона очилишида иштирок этганлар китоблар хилма-хиллиги, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган инсоннинг қизиқиш ва дунёқарашига мос келадиган китоб фонди шакллантирилганлигидан бениҳоя мамнун бўлишди. Шунингдек, маҳалла нуронийлари мазкур маънавий бойликни асраб-авайлаш, уни янада бойитиш барчанинг бирдек вазифаси эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Тадбир давомида яна бир хайрли ишнинг гувоҳи бўлдик. Маҳалла ҳудудида фермер Шарофат ая Носирова ташаббуси билан O`zLiDeP шаъфелигида ёшларга қуёнчилик, паррандачилик, ҳайкалтарошлик, кулолчилик, тўқувчилик, қандолатчилик каби ҳунарлар ўргатувчи ўқув курси ҳамда тикувчилик цехи ташкил этилди. Эътиборли томони шундаки, ушбу ўқув курсида аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож, эҳтиёжманд оила фарзандлари бепул ўқитилади.

– Бугун маҳалламизда катта байрам. O`zLiDeP ташуббуси билан ташкил этилган кутубхона, ўқув курси, тикув цехининг очилиши бизни жуда ҳам қувонтирди, - дейди ишга қабул қилинган ёшлардан Мадина Нурматова. –Айниқса, мен каби анчадан буён иш излаб юрган ёшларнинг қувончининг чеки йўқ. Иш жойимиз маҳалланинг ўзида, маошимиз ҳам яхши. Бўш вақтимизда тенгдошларим билан китоб мутолаа қилиш учун ҳам шароит яратиб берилди. Биз ёшларга марказдан асло қолишмайдиган мана шундай имкониятлар яратиб берилган экан, албатта бу ишончни оқлашимиз керак.

Тадбир давомида ёшларда турли ёт ғоялар, “оммавий маданият”га қарши маънавий иммунитетини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш учун уларни китоб ўқишга жалб қилиш ва китобхонлик кўникмаларини шакллантиришда оиланинг ўрни беқиёс эканлиги эътироф этилди. Мақсад – китобсевар оилалар сонини кўпайтириш, ҳар бир оила ва маҳаллада мўъжаз бўлсада кутубхоналар ташкил этишдан иборатдир. Шу маънода ёшу-қарини бирдек қувонтириган мана шундай маънавият масканларини қўшни маҳалларда ҳам ташкил этишга келишиб олинди.

Шоира ХАСАНОВА, O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши Аёллар билан ишлаш бўлими мудири

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг