Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 21/06/2017 O‘zLiDeP: кўмак масофа танламайди
O‘zLiDeP: кўмак масофа танламайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Аввал хабар қилганимиздек, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да энг чекка қишлоқлар аҳолиси дарду-ташвиши алоҳида эътиборда” шиори остида аҳоли билан самарали мулоқотлар ташкил этиш, уларнинг дарду-ташвишини, муаммоларини ҳал этишда яқиндан кўмаклашиш мақсадида энг чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли учун сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.

Бухоро вилоятининг олис ҳудудларидан бири бўлмиш Қоровулбозор туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган ана шундай учрашувларда аҳолининг кўплаб муаммолари жойида ҳал этилишига эришилди.

Мулоқотда “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини 5-хонада яшовчи И.Жалилов фарзандларининг бандлигини таъминлаш мақсадида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун банк кредитини олишда қийинчиликларга дуч келаётганлигини гапирди.

—Ўғлим коллежни тамомлаган аммо ишга жойлаша олмади, - дейди у. —Оиламизда фақатгина қизим 0,25 ставкада болалар боғчасида ишлайди. Шароитимизни яхшилаш, оила аъзоларимиз бандлигини таъминлаш учун оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида бир нечта тижорат банкларига кредит олиш учун мурожаат қилдим. Аммо натижа бўлмади. Учрашувда туман ҳокимлиги ва банк муассасаси вакиллари бу масалада ёрдам беришларини айтиб, ўғлимни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масаласини ҳам беэътибор қолдирмай бир неча вакант жойлар борлигини маълум қилишди. Қарангки, бир неча ойлардан буён ҳал этилмаган муаммолар бирин кетин ўз ечимини топди. Оилалар фаровонлигига эътибор қаратаётган партия вакилларидан мамнунмиз.

—Мақсадимиз аҳолини турмуш шароитларини яхшилаш, фаровонлиги таъминлашда яқиндан кўмаклашиш, - дейди Халқ депутатлари Қоровулбозор Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи вакили Собир Жўраев. —Учрашувларда мурожаатларга аниқ, асосли ва қонун ҳужжатлари доирасида жавоб, тавсия ва таклифлар берилаяпти. Жойида ҳал этилмаган асосли мурожаатларни вилоят ёки республика даражасида ечимини топишга эришиш, мурожаатларнинг ўз ечимини топганлиги ёки топмаганлиги тўғрисида мурожаатчиларга асосланган жавобларни ўз вақтида етказилишини таъминлашга ҳам катта эътибор қаратяпмиз.

Шунингдек, мазкур учрашувлар вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан бири Олот туманининг 646 нафар аҳоли истиқоат қиладиган Қирилишон ҚФЙ ўрамидаги хонадонларда истиқомат қилувчи аҳоли иштирокида ўтказилди.

Учрашув чоғида маҳалла фаоллари туман марказидан мазкур ҚФЙгача олиб келадиган 22 км. дан иборат йўлнинг шу кунгача атиги 10 км таъмирланганлигини, қолган қисми эса яхшигина таъмирталаб ҳолда эканлигини айтишди. Бунинг устига аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш талаб даражасида эмас. Майли, таъмирталаб йўлларни эпақага келтириш мумкин, аммо аҳоли саломатлигига беэътибор қараб бўлмайдику. Аҳолининг бу борада куйиниб гапиришида жон бор. Сабаби, мазкур ҚФЙ ҳудудида қишлоқ врачлик пункти йўқ. Кимгадир тиббий муолажа зарур бўлса бин неча чақиримдаги ҚВПга боришга мажбур. Ёши улуғлар, ҳомиладор аёллар-чи? Йўлларнинг аҳволи мана бундай бўлса...

—Мазкур йўлни таъмирлаш учун 11 млрд. сўм ажратилган бўлиб, унинг 4 млрд. сўми айнан ана шу мақсадлар учун сарфланган, - дейди туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бош мухандиси Б.Рўзиев. —Йўлнинг қолган қисмида ҳам таъмирлаш ишлари яқин кунлар ичида бошлаб юборилади. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш талаб этилаяпти. Негаки, бу йўлдан нафақат Қирилишон ҚФЙ, балки Човдир, Жумабозор, Байрам ҳожи қишлоқларида яшовчи аҳоли ҳам фойдаланади.

Учрашувда сўз олган ҚФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи меҳнат фаҳрийси Г.Ҳасанов “Агробанк”нинг туман бўлимидан ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилди.

Шунингдек, фуқаро З.Гадоева қишлоқ ҳудудидаги 1200 м узунликдаги ариқ бўйлаб лотоклар жойлаштириш учун қазиб олинган тупроқ уюмлари ҳамон олиб кетилмаганлигини, ёғингарчилик кунларда бирмунча ноқулайликларга сабаб бўлаётганлигини такрор-такрор таъкидланди.

—Аҳоли билан суҳбатлашиб маълум бўлдики, ҳудудда муаммолар йиғилиб қолган экан, - дейди Олий Мажлис Сенатининг аъзоси Тохир Бахронов. —Учрашувларга тумандаги ички ишлар, молия, солиқ, банк ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг жалб этилгани аксарият масалаларни жойида ҳал этиш имконини берди. Қишлоқ аҳлининг ободонлаштиришга бўлган иштиёқи ва хоҳишларидан келиб чиқиб, туманни ижтимоимй–иқтисодий ривожлантириш бўйича кўзда тутилган истиқболли режалар ва уларнинг ижроси юзасидан ҳам маълумотлар бердик.

Учрашувларда маҳалла фаоллари қишлоқда чорвачилик, ҳунармандчиликни ривожлантириш, ишсиз ёшларни фойдали меҳнатга жалб қилиш бўйича ўз таклифларини ўртага ташлаб, бу борадаги айрим камчиликларни бартараф этиш йўлларини партия депутатлик гуруҳи вакиллари билан атрофлича муҳокама қилдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг