Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 13/06/2017 O‘zLiDeP фаоллари энг чекка ҳудудлардаги аҳоли билан мулоқот ўтказмоқда
O‘zLiDeP фаоллари энг чекка ҳудудлардаги аҳоли билан мулоқот ўтказмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизда аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этиш Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланмоқда.

“Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун”, деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жойларда ўтказилаётган учрашув ва очиқ мулоқотларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, инсон манфаатларини рўёбга чиқариш ва дастурий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва усулларини жорий этиш мақсадида жойларда, хусусан республикамизнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг муаммоларини мутасадди ташкилот вакилларини жалб этган ҳолда партия депутатлик гуруҳлари ва фаоллари томонидан ўрганиб, масалаларни жойида ҳал этишга қаратилган “сайёр қабул” ташкил этилмоқда.

Ана шундай очиқ мулоқот O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партия Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан вилоятнинг Сардоба туманида ташкил этилди.

Сардоба туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, маҳаллий ҳокимлик масъуллари иштирокида ўтказилган “Сайёр қабул” муаммоларга ўз жойида ечим топишнинг самарали усули экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Қабулда тумандаги коммунал ва уй-жой масалалари, оқова сувларни оқизиш тизимларининг ҳолати, янги маҳаллаларга трансформатор ўрнатиш, ички йўлларни таъмирлаш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, тоза ичимлик суви муаммоси, бандлик масалалари юзасидан аҳолининг мурожаатлари ўрганилди.

—Президентимиз айтганларидек, янгича фикрлайдиган, янгича яшаш талаб этиладиган вақт келди, - дейди “Қўрғонтепа” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Мамасолиева Мархабо. —Одамларнинг уйига бориб, “Сизни нима муаммойингиз бор?” деган раҳбарни қаерда кўргансиз? Марказу, қишлоқларда аҳолига бир ҳил муносабат, муаммоларга одилона ёндашув бошқа мамлакатда бўлмаса керак. Бугунги “сайёр қабул” ҳам айни кўнглимиздаги иш бўлди. Кўплаб маҳалладошларимиз ўзларини қийнаб келаётган муаммоларига қишлоғимизнинг ўзида, ҳеч бир оворагарчиликсиз ечим топиб, партия фаолларидан миннатдор бўлишди. Мен ҳам бир неча ойдирки янги ҳовлимизга ер кадастр ҳужжатларини расмилаштиришда қийинчиликларга учраётган эдим. Буни қарангки, бир оғиз мурожаатим билан ишим ижобий ҳал этилди.

Фуқароларга муаммоларини ҳал этиш баробарида O‘zLiDePдан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари аҳолига ўзлари дуч келган масалалар бўйича ҳақ-ҳуқуқларини ҳам тушунтириб ўтишди. Шу куннинг ўзида 20 га яқин масала ҳал этилди. Айрим муаммолар депутатлик сўрови юбориш орқали ҳал этиладиган бўлди.

Фуқароларнинг очиқ суҳбат майдонига айланган “сайёр қабул” ўз ишини вилоятнинг Оқолтин туманида давом эттирди.

Мутасадди ташкилот вакиллари ва партия депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда фаоллари иштирокида ўтган мулоқотда Дўстлик маҳалласи “Гулзор” кўчасида яшовчи фуқаро Юлдашева Гўзал сўзга чиқиб маҳалладаги ёшларни иш билан таъминлаш муҳим эканлиги, бунинг учун туманда корхона ташкилотларини очиш лозимлиги ҳақида мурожаат қилди. Бунга жавобан Оқолтин тумани ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳаси ва тадбиркорлик масалалари бўйича ҳоким ўринбосари О.Абдуллаев туманда 2017 йилда 3 та саноат корхонаси ишга тушиши режалаштирилганлиги ва 2000 нафар иш ўрни яратилишини маълум қилди.

Саҳоват маҳалласида яшовчи фуқаро Жўраева Марғуба сўзга чиқиб маҳалланинг биринчи кўчасига тош тўкилмаганлиги, кўп қаватли уйларда канализация ишламаслиги юзасидан шикоят қилди. Оқолтин туман Йўл хўжалиги раҳбари С.Аббосов ушбу мурожаатга жавобан Саҳоват маҳалласидаги биринчи кўча 2017 йилда таъмирлаш учун режага киритилганлигини айтиб ўтди.

—Бир неча йилдан буён ишсизман, - дейди Дўстлик маҳалласи Арчазор кўчасида яшовчи фуқаро Гўзал Қаршиева. —Иш сўраб туман Ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилдим. Аммо мени ишга қабул қилишмади. Бугунги “сайёр қабул”да иштирок этган туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ў.Исаев ҳозирда бошқармада бўш иш ўрни мавжут эмаслиги лекин 2017 йил сентябр ойидан “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ишга тушуши билан унда 30 нафар янги ишчи ўрни ташкил этилишини маълум қилди. Насиб бўлса сентябр ойидан мазкур корхонада ўз фаолиятимни бошлайман.

O‘zLiDeP томонидан ташкил этилаётган бу каби “сайёр қабул” республикамиз бўйлаб ўз ишини давом эттиради.

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг