Валюта курслари 26/09/2024
$1 – 12757.65
UZS – 0.02%
€1 – 14268.16
UZS – 0.46%
₽1 – 138.05
UZS – 0.61%
Қидириш
Ўзбекистон 11/07/2017 O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи: расмиятчилик учун тадбир ўтказмаймиз
O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи: расмиятчилик учун тадбир ўтказмаймиз
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаркати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам тадбиркорлар эркинлигини таъминлаш учун иқтисодий, ташкилий, ҳуқуқий шароит ва кафолатлар яратиш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий мустақил бўлиши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.

Мазкур тамойиллардан келиб чиқиб Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш борасида ҳудудда олиб борилаётган ишлар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масалалари юзасидан мутасадди ташкилот вакилларининг ҳисоботи тингланди.

Йиғилишда сўз олган депутатлар мазкур Фармоннинг амалда самарали татбиқ этилиши мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожланишининг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятидаги маъмурий ғов ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва иқтисодиётимизнинг янада жадаллик билан ривожланишига асос бўлиши шубҳасиз эканлигини таъкидлаб, унинг ижросини таъминлаш бўйича ҳудудда олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтишди.

Жумладан, бугунги кунда Бекобод шаҳрида яратилган қулай ишбилармонлик муҳити натижасида тадбиркорлик субъектларининг сони 900 дан зиёдни ташкил этади. Тадбиркорлик ривожи учун барча шарт-шароитлар мавжуд бўлсада ҳудудда бу борада айрим камчиликлар кўзга ташланмоқда.

Хусусан, Бекобод шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи вакилларига шаҳарда фаолият юритаётган тадбиркор - “Grand Ice Cream” МЧЖ таъсисчиси Ғайрат Каримбоев фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммони бартараф этишда амалий кўмак беришларини сўраб мурожаат қилган. Йиғилиш доирасида депутатлар мазкур муаммони ўрганиш ва тадбиркорга ёрдам бериш мақсадида ушбу корхона фаолияти билан танишдилар.

—2014 йил музқаймоқ ва музқаймок маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 1 млрд. 110 млн. сўм инвестиция киритиш мажбурияти билан шаҳримиздаги бўш турган бинони «нол» қийматида фойдаланиш учун олган эдик, - дейди тадбиркор Ғайрат Каримбоев. —Ишни бошлаш мақсадида Хитойдан замонавий ускуналар олиб келиш учун шартнома имзолаган эдик. Аммо қатор тўсиқларга дуч келдик. Натижада Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент вилояти худудий бошқармаси томонидан мажбуриятларини белгиланган муддатда амалга оширмаганлигимиз учун 164 млн. 400 минг сўм миқдорида жарима солинди. Аммо кеч бўлсада ишимизни бошлаб, 63 та иш ўрни яратдик, фаолиятимизни оёққа қўйдик. Ҳозирда ишлаб чиқариш жараёнлари узлуксиз давом этяпти. Биз каби тадбиркорларнинг иш фаолияти одимлаши учун тадбиркорликка кўмаклашувчи соҳалардаги барча тўсиқлар олиб ташланса, олдимизга қўйган мақсадимизга қийинчиликларсиз, ўз вақтида етган бўлардик.

Депутатлар мазкур масалани ҳал этиш учун соҳага даҳлдор ташкилотга депутатлик сўрови юборишга келишиб олдилар.

Шунингдек, йиғилишда кун тартибидаги масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент вилояти худудий бошқармаси масъул ходимлари А.Қаххоров, К.Таирбеков, Ташқи иқтисодий фаолият Ўзбекистон Республикаси миллий банки вилоят бўлими ходими А.Акбаржонов, “Ўзсаноатқурилишбанк” вилоят минтақавий филиали мутахассиси Ж. Саиповларнинг ахбороти тингланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ишчанлик кайфиятида ўтган йиғилиш якунида партия депутатлик гуруҳи ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электорат манфаатини, тадбиркорлар ва фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айрим соҳа ва тизимларда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этишда таъсирчан депутатлик назоратини олиб бориш ҳамда расмиятчилик учун эмас, балки, халқ манфаатига хизмат қиладиган самарали тадбирлар ташкил этиш борасида ўз олдига қатор вазифаларни белгилаб олди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг