Очиқ ва самимий мулоқотлар тумандаги иқтисодий инфратузилма ва тадбиркорликни ривожлантириш, молия-кредит муассасалари фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини кафолатлаш масалалари диққат марказида бўлди.
- Тумандаги 1 минг 436 та хонадонга ташриф буюриб, турли соҳадаги муаммоларни атрофлича ўргандик, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бекзод Артиков. —Кўтарилган муаммолардан 80 таси шу ернинг ўзида ҳал этилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Бундан ташқари, тумандаги 11 та мактабгача таълим муассалари, 40 та мактаб ва 5 та коллеждаги таълим-тарбия, яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишдик. Устоз-мураббийлар таълим самарадорлиги ошириш учун замонавий анжомлар билан жихозланган лаборатория хоналарини ташкил этиш, лингафон ускуналарини ўрнатиш ва замонавий видео-проектрлар билан таъминлаш бўйча мурожаат этишди ва уларнинг таклифлари тегишли ташкилотларга етказилиб, амалий ишлар бошлаб юборилди.
Сайхунободликлар тадбиркорликка қизиққанлиги боис мулоқотларда асосан тадбиркорликни бошлаш ва уни давом эттириш масалалари ўртага ташланди. Айниқса, кўпчилик томонидан кредит расмийлаштириш, кафиллик тўғрисидага саволлар берилганлиги боис банк мутасаддилари иштирокида давра суҳбати ўтказилиб, барча саволларга батафсил жавоб берилди ва бизнесни муваффақиятли амалга оширишда O‘zLiDePнинг кўмаги ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Учрашув давомида кредит масаласида мурожаат этган фуқароларнинг эхтиёжлари қондирилди.
- Депутатларнинг қишлоғимизга келиб, ҳаёт тарзимиз билан танишишгани ва беминнат маслаҳатларини бериб, муаммоларимизнинг ҳал этилишида кўмак беришаётганидан мамнунмиз, – дейди Ватанпарвар кўчаси 48-уйда истиқомат қилувчи Нигора Алиева. - Чорва моллари учун имтиёзли кредит олишимизда бу учрашув катта ёрдам беради. Айниқса, энди ўз бизнесини бошламоқчи бўлган тадбиркорларга катта имкониятлар берилаётгани қишлоқдошларимизга маъқул тушмоқда. Президентимизнинг халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади деган сўзларининг амалий ифодасига гувоҳ бўляпмиз. Давлатимиз томонидан бизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва эътибордан беҳад хурсандмиз.
***
Парламент вакиллари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Жиззах вилоятидаги Бахмал тумани аҳолиси билан учрашиб, юзма-юз мулоқот қилмоқдалар.
Мулоқотларда асосан, туманда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун банк хизматлари, молиявий кўмак ва ёрдам кўрсатилиши даражаси тўғрисида танқидий фикрлар билдирилмоқда.
Қолаверса, фуқаро Абдувалиев Камолиддин чорвачилик бўйича кредит олиш учун “Туронбанк”га мурожаат қилган. Банк муассасаси чорва бўйича кредит линияси ёпилганлигини айтиб, унинг мурожаати қондирилмаган. “Қутлиғобод” МФЙ истиқомат қилувчи Шахноза Шоймуродова ҳам чорвачилик йўналишида кредит олиш учун “Агробанк” АТБ туман филиалига ҳужжатларини топширган лекин асоссиз равишда кредит ажратиш муддати кечиктирилмоқда.
Ўрганиш натижасида кўзга ташланган яна бир муҳим муаммолардан бири бу аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасидир. Тумандаги савдо шохобчалари ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари асосан марказда, чекка ҳудудларда жуда кам. Улар тўлов терминаллари билан етарли таъминланмаган, энг зарур товар ва хизматлар пластик карталар бўйича ҳисоб-китоб қилиш чоғида уларнинг нарҳи асоссиз ошириб юборилиши ҳолатлари ҳам тез-тез учраб туради. Бу муаммо бир неча ойлардан буён аҳолининг норозилигига сабаб бўлиб келмоқда.
- Жойларда аҳолининг бандлик масаласи, қишлоқ врачлик пунктлари ва таълим муассасаларининг аҳволи билан ҳам яқиндан танишяпмиз, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Ҳолбўтаев. —Жумладан, тумандаги “Ўсмат” ШФЙ, “Юмалоқбош”, “Дўстлик”, “Қутлуғобод”, “Йўлдошбой” МФЙлардаги таълим муассасаларининг моддий-техника базаси замон талаблари даражасида эмас. Бахмал тумани 2-мактаб директори Зайниддин Мамировнинг айтишича, мактабда иситиш тизими яхши эмас. Ўқув хоналари етишмайди, спорт залида спорт инвентарлари ва анжомлари йўқлиги боис болалар мунтазам спорт билан шуғуллана олмаяптилар.
- Депутатларимиз гувоҳи бўлганидек, мактабимизда ўқув хоналари етишмайди, - дейди “Қутлиғобод” МФЙдаги 65-мактаб директори Абдумалик Исмоилов. —Бундан ташқари спорт залининг йўқлиги боис ёғингарчилик мавсумларида болаларимиз спорт машғулотларини ўтказа олишмайди. Энг асосийси, мактабимизда ичимлик суви йўқ, бу борада мутасадди ташкилотларига кўп бора мурожаат этдик аммо ҳали ҳануз муаммо ҳал этилмаяпти. Яна бир нарсани ҳал этишда депутатларимизга мурожаат этдик у ҳам бўлса, зиёнет тармоғига уланиш масаласидир. Мазкур миллий тармоқ ўқув фаолиятини самарали ташкил этишда катта фойда беради.
- Депутат ва сенаторлар ҳудудни ўрганишда, аҳоли билан мулоқотларни давом эттирмоқдалар. Аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича жойида чоралар кўрилиб, тегишли ташкилот ва муассасаларга кўрсатмалар берилмоқда. Айрим масалалар эса ўрнида ҳал этиляпти.
- Кўриниб турибдики, жойларда ўз ечимини кутиб турган муаммолар ҳали талайгина. Уларни атрофлича ўрганиш, одамларни оғирини енгил қилиш, турмуш шароитларини янада яхшилаш энг асосийси бугунидан рози қилиб, эртасига бўлган ишончини ошириш энг муҳим вазифа этиб белгиламоқда. Бунда нафақат мутасадди ташкилот раҳбар, ходимлари балки ҳар бир фуқаро лоқайдлик, бефарқлик кайфиятига берилмасдан ўзининг фаоллиги билан, ташаббускорлиги билан бирдек масъулдир.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати.