O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши, Халқ депутатлари Ғузор туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда аҳоли мурожаатлари билан самарали ишлаш тизимини янада кучайтириш, аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларнинг муаммо ва ташвишларини ўрганиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида энг чекка қишлоқ ва маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли билан сайёр қабуллар ташкил этилди. Бундай тадбирлар натижасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита тегишли соҳа раҳбарларига мурожаат қилиш ва тегишли жавоб олиш имкониятига эга бўлишаётир. Қувонарли томони одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ва иштиёқи кун сайин кучаймоқда. Бу ҳамма ишлар беш, деган маънони билдирмайди, албатта. Минг ҳаракат қилинмасин, барибир у ёки бу кўринишда ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Муҳими, шундай учрашувлар ҳар қандай муаммога ечим топишда муҳим восита бўлмоқда.
– Соғлом кишигина соғлом фикрлайди, жамият ҳаётида фаол қатнашади. Шу маънода бугун юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда, – дейди 80 ёшни қаршилаган Ойдин момо Эшқувватова. – Минг шукрки, қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши учун барча зарур шароитлар бор. Қишлоқ ҚВПдаги ҳамширалар ҳам ҳолимдан хабар олиб, мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиб туради. Лекин очиғини айтиш керак, тиббиёт муассасамизда камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, керакли дори-дармон воситаларини етишмаслиги, малакали шифокорларга эҳтиёж борлиги, тез тиббий ёрдам машинаси йўқлиги қийинчилик туғдиради. Бугун сайёр қабулда мутасаддилар дардимизни диққат билан тинглади. Муаммоларимиз ҳал этиладиган бўлди. Бундан беҳад миннатдормиз. Энди бизда ҳам ҳамма шароитлар бўлади, малакали шифокорлар хизматимизда шай туради.
O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати