Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Иқтисод 01/03/2017 O‘zLiDeP “Андижон томорқа мактаби”ни яратишга эътибор қаратмоқда
O‘zLiDeP “Андижон томорқа мактаби”ни яратишга эътибор қаратмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти сайловчилари билан учрашувида вилоятда ўзига хос “Андижон томорқа мактаби”ни яратиш лозимлиги хусусида алоҳида таъкидлаган эдилар. Бугунги кунда олиб борилаётган ишлар ана шу таъкиднинг амалий ифодасидир.

Ушбу йўналишда O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ва вилоят Фермерлар Кенгаши, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтиришга кўмаклашиш, аҳолининг, айниқса, аёллар ва уюшмаган ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини юзага чиқариш, қўллаб-қувватлаш, уларни амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб бериш мақсадида юзма-юз мулоқотлар ўтказилаётгани белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда аҳамиятга моликдир.

Андижон вилоятининг Асака тумани Илғор қишлоғи, Отиш маҳалласи хонадонларида партиянинг вилоят Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган амалий семинар бу борадаги яна бир дадил қадам бўлди. Тадбир ташкилотчилари, тижорат банкларининг туман филиаллари мутахассислари, тадбиркорлар, фермерлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, оилаларда ташкил қилинган иссиқхоналарни кўздан кечирдилар, иш жараёнларини ўргандилар, мавжуд муаммоларни ҳал этишга кўмаклашдилар.

Мазкур семинар давомида тажриба алмашиш ишлари Бозорбой Собировлар хонадонидан бошланди. Тадбиркор 20 сотихдан иборат томорқасида 6 та иссиқхона ташкил қилган. Бу ерда етиштирилаётган помидор, булғор қалампири, бодринг кўчатлари харидоргирлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, тадбиркор томорқасида 20 та қорамол парваришини ҳам йўлга қўйган.

—Томорқамизда иссиқхона ташкил қилиб, тадбиркорликни йўлга қўйдик. Ҳар йили олаётган даромадимиздан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган аҳолига, мурувват уйларига ёрдам бершга ҳаракат қиламиз. Асосийси, бугуннинг долзарб масаласи бўлган аҳоли бандлигини таъминлаяпмиз. Ҳозирда 23 та ишчи ўрни яратганмиз, - дейди тадбиркор, хонадон соҳиби Бозорбой Собиров.

Б.Собиров хонадонида семинар иштирокчилари шахсий томорқа иссиқхонасида сабзавот маҳсулотлари кўчатлари етиштириш, экинлар кетма-кетлигини тўғри йўлга қўйиш ҳамда чорвачилик йўналишида олиб борилаётган ишлар бўйича тажриба алмашдилар.

Тадбир қатнашчиларининг кейинги ташрифи маҳалладаги Улуғбек Аҳмедов хонадонида давом этди. Бу ерда иштирокчилар томорқа хўжалигида ташкил этилган икки қаватли иссиқхонада сабзавот маҳсулотлари етиштириш, иссиқхонанинг иссиқлик қувватини таъминлашда қўй, қуён ва паррандалар ҳароратидан фойдаланиш тажрибаси билан яқиндан танишдилар.

—Икки қаватли иссиқхонани иситиш учун ортиқча иссиқлик манбаидан фойдаланмаймиз. Биринчи қаватда парвариш қилинаётган қўй, қуён ва паррандаларимизнинг ўзидан чиқараётган иссиқлик қуввати билан иккинчи қаватда етиштирилаётган сабзавот маҳсулотлари учун иссиқ об-ҳаво муҳити яратилади. Чорва ҳайвонлари ва паррандалар орасида ташкил этилган лимонария ҳадемай ҳосилга киради, - дейди тадбиркор, хонадон соҳиби Улуғбек Аҳмедов.

Маҳалладаги Деҳқонбой Абдуллаев 4 сотих томорқасида 2 та иссиқхонада лимонария ташкил этган. Бундан икки йил аввал 50 туп лимон кўчатлари экиб парваришни бошлаган тадбиркор бу йил лимонлардан кутилган ҳосилни олмоқчи. Абдумухтор Сулаймонов хонадонида эса 17 сотихлик иссиқхона ташкил қилинган.

Бу ҳақда тадбиркорнинг ўзи тўлқинланиб гапирди: - Иссиқхона ташкил қилиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйдик. 5000 туп бодринг кўчатлари ҳадемай ҳосилга киради. 1 туп бодринг кўчатдан 4-5 килограммгача ҳосил оламиз. Ҳар йили умумий ҳисоблаганда, 10-15 миллион сўм даромад оляпмиз. Мана шу даромадлар ҳисобига уй-жой қурдик, тўйлар қиляпмиз.

Абдунаби Абдуллаев хонадонида бўлганимизда, бу ерда 4 сотихлик иссиқхонада редиска етиштирилгани, айни кунда харидорларга улашилаётганининг гувоҳи бўлдик. Хонадон соҳибининг айтишича, “Халқ банки”нинг туман филиалидан 7 мил. сўм имтиёзли кредит олиб, қўшимча иссиқхонада лимонария ташкил этмоқчи экан.

Кузатув ва тажриба алмашиш ишлари Абдуназир Зулунов хонадонида ниҳоясига етди. Тадбирокор 10 сотих томорқасида 6 та иссиқхона ташкил қилган. 1 та иссиқхонада турли гул кўчатлари парвариши авжида бўлса, қолганларида помидор ва бодринг кўчатлари етиштирилмоқда. Оила аъзоларидан ташқари маҳалладаги аёллар ва уюшмаган ёшларнинг 20 нафарининг бандлигини таъминлаган.

Халқимизда “Ерни боқсанг, ер сени боқади” деган нақл бежиз айтилмаган. Хонадонлардаги шахсий томорқаларга эътибор бериб, ер майдонига алоҳида ва ўз вақтида ишлов берилса, ҳудудларнинг мослашуви, тупроқ ҳамда иқлим шароитидан келиб чиқиб, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилса, ҳосил унумдорлигига эришилади. O’zLiDeP томонидан аҳоли томорқасида етиштириладиган мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, экспортёр корхоналарга сотиш каби тадбирларни амалга ошириш борасида керакли маслаҳат, тавсияларнинг берилаётганлиги туман аҳолисининг тадбиркорликнинг мазкур йўналишида фаолият олиб боришига туртки бўлмоқда.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг