Валюта курслари 23/09/2024
$1 – 12729.83
UZS – 0.04%
€1 – 14207.76
UZS – -0.11%
₽1 – 137.46
UZS – 0.26%
Қидириш
Ўзбекистон 12/12/2016 O‘zLiDeP Абдулла Ариповни Бош вазир лавозимига тақдим этди
O‘zLiDeP Абдулла Ариповни Бош вазир лавозимига тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP партияси Ўзбекистон Республикаси Президентига Бош вазир лавозимига ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Нигматович Арипов номзодини тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

2016-йил 12-декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда даставвал шу йилнинг 4-декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари натижаларига тўхталиб ўтилди. Сиёсий Кенгаш аъзолари томонидан сайловлар миллий қонунчилигимиз талаблари ҳамда умумэътироф этилган халқаро меъёрларга мос равишда очиқлик, ошкоралик, муқобиллик асосида ўтканлиги алоҳида таъкидланди. Унда партиядан кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланди.

Қайд этилганидек Президент сайловида халқимиз юксак сиёсий фаоллик намойиш этиб, тараққий этган демократик мамлакатлар қаторидан жой олиш, очиқ ва адолатли жамият барпо этиш йўлидаги стратегик мақсад ҳамда вазифаларимиз амалга оширилишини давом эттириш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, одамлар турмуш даражасини изчил юксалтириб боришдек эзгу ислоҳотларимиз изчиллиги учун овоз бердилар.

Мажлисда ушбу сиёсий тадбирда O‘zLiDePнинг муносиб иштирок этгани, партиядан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури халқимиз қалбидан чуқур жой олгани ҳамда тўлиқ қўллаб-қувватлангани, бу эса ўз навбатида, барча тузилмавий бўғинларига, унинг ҳар бир фаоли зиммасига катта масъулият юклаши таъкидланди.

Йиғилишда мамлакатимиз Конституциясининг 98-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўрсатиш масаласи Сиёсий Кенгаш аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Маълумки асосий қонунимизга биноан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Муҳокамалар давомида таъкидланганидек бугун ўз ваколатларини амалга оширишга киришган Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сайловолди дастурларида илгари сурилган, мамлакатимиз ҳаётига бевосита даҳлдор масалаларни ҳаётга тадбиқ қилиш кўп жиҳатдан хукуматга раҳбар бўладиган инсондан ҳам катта салоҳият ва ташкилотчиликни талаб этади. Сабаби, ушбу дастурда қўйилган масалалар нафақат иқтисодиёт, ёки ижтимоий соҳалар, балки кўплаб бошқа соҳаларда ҳам аниқ белгиланган режаларни амалга оширишни талаб қилади.

Мажлис иштирокчилари бўлиб ўтган муҳокамалар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентига Бош вазир лавозимига ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Нигматович Арипов номзодини тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

Таъкидланганидек Абдулла Нигматович Арипов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти учун масъулиятни тўла зиммасига олишга қодир, ташаббускор ва талабчан, янгиликка интилувчан, жонкуяр ва ватанпарвар, қуйидан юқоригача бўлган барча бўғинлардаги ижро органларини бошқаришда етарли тажриба ва салоҳиятга эга бўлган фидойи инсондир.

Мажлисда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Шу билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг мажлиси ўз ишини якунлади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг