Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 23/04/2016 Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда замонавий мутахассис кадрларнинг ўрни
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда замонавий мутахассис кадрларнинг ўрни
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистонда замонавий билим ва малакага эга, ўз фаолиятида салмоқли ютуқларга эришишга қодир фермерларни тарбиялаш, мазкур вазифаларни амалга оширишда мамлакатимизда ўзига хос деҳқончилик мактаби яратган илғор фермерлар тажрибасини кенг ўрганиш энг долзарб вазифалар сирасига киради. Зеро, мамлакатимиз олдида турган улкан вазифаларни адо этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини замон талаблари асосида такомиллаштириш фермерлик ҳаракати билан бевосита боғлиқ.

Шу муносабат билан мамлакатда тадбиркорлик ва фермерлик йўналишини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бозорларни сархил мева-сабзавотлар билан тўлиқ таъминлаш, бу борада барча кучларимизни сафарбар этган ҳолда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган Олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежи талабаларини соҳага оид қизиқишини ошириш борасида O‘zLiDeP томонидан қатор лойиҳалар илгари суриб келинмоқда.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши, Тошкент Давлат аграр университети ҳамда бир қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда “Юртимни обод этаман!” шиори остида “Ҳар бир ёшга 25 кўчат” акцияси доирасида “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда замонавий мутахассис кадрларнинг ўрни” мавзуида амалий мулоқот ташкил этилди. Унда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган Олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари талабаларини тадбиркорлик ва фермерликка бўлган қизиқишини ошириш ҳамда назарий ва амалий билимини бойитиш борасида мамлакатда яратилаётган шароитлар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, бугун Ўзбекистонда фермерлик ҳаракати мамлакат тараққиётининг муҳим жабҳасига, ишлаб чиқариш корхоналарининг асосий хом ашё базасига, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш ҳамда қишлоқни жадал ривожлантиришда етакчи кучга айланиб улгурди. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатда аграр соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида амалга оширилган қатор ислоҳотлар бугун соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

– Мамлакатда аграр соҳани жадал ривожлантириш, ёш кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, замонавий билим ва малакага эга, ўз фаолиятида салмоқли ютуқларга эришишга қодир ишбилармон, ташаббускор, изланувчан тадбиркорларни тарбиялаш, қишлоқ хўжалиги соҳасини замон талаблари асосида ривожлантириш, албатта, фермерлик ҳаракати билан бевосита боғлиқ, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Атҳам Назирқулов. – Чунончи, бугунги фермерлар маҳсулот етиштириш билан чекланмай, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини ошириш, одамларнинг турмуш сифатини яхшилаш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг кўринишини тубдан ўзгаришига ҳам салмоқли хисса қўшиб келмоқда.

Шунингдек, амалий мулоқот доирасида ўқув-машғулотлари ҳам ташкил этилди. Унда ёшларнинг фермерлик фаолиятига оид назарий ва амалий билимларини бойитиш, ёш фермерларни кашф қилиш, мамлакатда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва озиқ-овқат стратегиясини самарали амалга ошириш мақсадида мамлакатда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, тадбирда ёшлар, маҳалла ва партия фаоллари томонидан мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан “Ҳар бир ёшга йигирма беш кўчат” акцияси доирасида турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, боғ яратилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг