– Ўзбекистонга ташрифим жуда самарали бўлмоқда. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бўлиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдим. Ердан мақсадли ва самарали фойдаланиш, боғдорчиликни ривожлантириш ва ҳосилдорликни ошириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш борасидаги лойиҳалар бизда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон билан замонавий таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари, ҳудудий алоқалар, савдо ва транзитни ривожлантириш имконини берадиган автомобиль йўллари ва темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик ва ўрта корхоналарни кўпайтириш ҳисобидан хусусий сектор салоҳиятини ошириш, қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши бўйича комплекс дастур, самарали замонавий энергетика секторини ривожлантириш ва такомиллаштириш каби соҳаларда ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз.
Президент Шавкат Мирзиёев билан суҳбатда ҳам шулар каби бир қанча соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича самарали мулоқот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти билан мулоқотда қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини янада ошириш, аграр тармоқни модернизация қилиш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, энергиятежамкор технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Бу пировард натижада мамлакатнинг ривожланган давлатлар қаторидан жой олишига замин яратади.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 2017-2019 йилларга мўлжалланган энергетика соҳасидаги инфратузилмаларни ривожлантириш, транспорт, коммунал хизматлар, олис ҳудудларда турар-жойлар қурилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни молиялаштириш учун маблағлар ажратади.
«Навоий» эркин иқтисодий зонаси улкан салоҳиятга эга. Биз Ўзбекистоннинг минтақада транспорт алоқасини яхшилаш ва глобал бозорларга чиқиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаймиз ва ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз.
Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ислоҳотларни амалга ошириш лойиҳаларида қатнашишни режалаштирмоқдамиз. Бинобарин, Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистоннинг барча соҳалардаги тараққиётининг янги босқичини бошлаб берди. Бу ҳаракат юксак самаралар беришига ишонамиз. ЎзА.