Остона шаҳрида Ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг биринчи форуми ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистон Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон парламенти делегацияси “Умумий тарихий-маданий мерос – ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусида Остона шаҳрида ўтказилган Ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг биринчи форумида иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида Ўзбекистон ва Қозоғистонни нафақат умумий манфаатлар, балки чуқур тарихий, маданий ва маънавий илдизлар боғлаб турганини таъкидлади.
Мамлакатлар раҳбарлари – Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, жумладан, гуманитар ва маданий алоқалар тобора мустаҳкамланаётгани қайд этилди.
Форумда буюк мутафаккирлар, шоир ва олимлар, файласуфлар меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Остона шаҳрида Алишер Навоийга, Тошкентда эса Абай Қўнонбоевга ҳайкаллар ўрнатилгани, Ўзбекистонда Абай таваллудининг 180 йиллигига бағишланган хотира тадбирлари ўтказилгани икки давлат ҳамкорлигининг ёрқин намунаси сифатида тилга олинди.
Шунингдек, илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон ва Қозоғистон олий таълим муассасалари ўртасида 280 дан ортиқ шартнома ва меморандумлар имзолангани, қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилгани таъкидланди. Таълим кунлари ва университет ярмаркалари ўтказилаётгани, шунингдек, Ўзбекистонда қозоқ тилида мутахассислар тайёрланаётгани ва 400 дан ортиқ мактабда қозоқ тили ўқитилаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон парламенти маданий ва илмий ҳамкорликка қаратилган қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаши, бу йўналишда зарур қонунчилик ва ташкилий шарт-шароитлар яратилиши таъкидланди.
Форум доирасида иштирокчилар янги шароитларда маданий туризм ва креатив индустрияни ривожлантириш, ёшларни фаол жалб этган ҳолда фестиваллар, кўргазмалар, кинофорумлар ва бошқа гуманитар тадбирларни ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шу тариқа форум Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни муҳокама қилиш ва икки мамлакат зиёлилари ўртасида фикр алмашиш учун муҳим минбарга айланди.
Шу билан бирга, форум доирасида икки халқнинг буюк шоирлари, рассомлари ва олимларининг илмий ҳамда ижодий меросидан иборат намуналар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Ушбу кўргазмада уларнинг асарлари ва илмий ишлари кенг жамоатчилик эътиборига тақдим этилди. Шунингдек, ўзбек муаллифлари томонидан тайёрланган тарихга оид китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.