Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Спорт 24/02/2019 Осиё Олимпия Кенгаши президенти Тошкентга келди
Осиё Олимпия Кенгаши президенти Тошкентга келди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Осиё Олимпия Кенгаши президенти Осиё ўйинларини Ўзбекистонда ўтказиш масаласини муҳокама қилиш учун Тошкентга ташриф буюрди

24 февраль куни Осиё Олимпия Кенгаши (OCA) президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабах Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Мартабали меҳмон Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида AIBA президенти Ғофур Раҳимов, МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан кутиб олинди. Ал-Сабах билан бирга делегация таркибида Халқаро кураш ассоциацияси президенти, Осиё ўйинлари-2018 директори Ҳайдар Фармон, ОCA котиби Льюсен Альварез ҳам юртимизга келди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга қилинган мурожаатномада юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганди. Давлатимиз раҳбари ўшанда Ўзбекистон Осиё ўйинларини ўтказа олишга қодир мамлакат эканлигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтгандилар.

Шу муносабат билан Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти бу борадаги лойиҳани ҳаётга татбиқ этишни бошлаб юборган. Бу бўйича 2030 йилги Осиё ўйинларини Тошкент ва Самарқандда ўтказиш бўйича ариза Осиё Олимпия Кенгашига тақдим этилган. 2030 йилги Осиё ўйинларини қабул қилиш учун Ўзбекистондан ташқари Қатар, Ҳиндистон ва Филиппин каби мамлакатлар даъвогарлик қилмоқда.

Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш имкониятларини кенг муҳокама қилиш мақсадида Ал-Сабах бошчилигидаги делегация икки кун давомида юртимизда бўлади. Яхши биласиз, Осиё ўйинларини ўтказиш ва қабул қилиш – йирик лойиҳа ҳисобланади. Ташкилотчилик масалаларида ўзига яраша янгиликлар ва бошқа жиҳатлар мавжуд. Мусобақа учун спорт иншоотларини қуриш, Олимпия шаҳарчаси, логистика, қулай транспорт маршурути, юқори савиядаги тадбирларни ташкил қила олиш, трансляция ва бошқа масалалар шулар жумласидандир. Учрашув давомида айнан шу каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилади.

Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг