Валюта курслари 24/12/2024
$1 – 12902.00
UZS – 0.07%
€1 – 13428.40
UZS – 0.31%
₽1 – 127.60
UZS – 1.3%
Қидириш
Иқтисод 20/05/2016 Органик қишлоқ хўжалигини Ўзбекистонда ривожланишининг истиқболлари
Органик қишлоқ хўжалигини Ўзбекистонда ривожланишининг истиқболлари
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Маълумки, органик қишлоқ хўжалиги - атроф-муҳитга зарар келтирадиган кимёвий воситалардан фойдаланмасдан биологик хилма-хилликни асрайдиган экологик циклларга асосланиш ва маҳаллий шароитларга эътибор қаратиш бўйича қабул қилинган, экотизимни яхшилайдиган, тупроқ унумдорлигини оширадиган, инсонлар саломатлигини муҳофаза қиладиган ишлаб чиқариш тизими ҳисобланади.

Шу сабабдан бугун Ўзбекистонда ўсимликларнинг табиий хусусиятларини инобатга олган ҳолда пестицид, гербицид ва органик ўғитларни меъёрида ишлатиш, истеъмолчиларга ғамхўрлик тарзида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқишда кимёвий воситаларни минималлаштиришга кенг эътибор қаратилмоқда. Албатта, бутун дунё бўйича истеъмолчи ва бозорлар томонидан ортиб бораётган қизиқиш Ўзбекистон фермерлар ва тадбиркорлари олдида янги экспорт имкониятларини очади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда «Органик қишлоқ хўжалигини Ўзбекистонда ривожланишининг истиқболлари» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари, қишлоқ хўжалиги амалиёти ва органик қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича халқаро экспертлар, манфаатдор вазирлик ва идоралар, фермерлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугун республикамизда органик қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш учун зарур шароит ва етарлича асослар мавжуд. Масалан, зарарловчи моддалар билан зарарланмаган экин майдонларининг етарли экани, таморқа хўжаликларининг органик маҳсулотларни экспорт қилишлари натижасида аҳоли даромадини ошириш имкониятининг борлиги, агрологистика тизимни ривожлатириш натижасида аҳоли бандлигини ошириш имкониятининг юқорилиги ва генетик модификацияланган организмлардан (ГМО) ҳоли минтақаларнинг борлиги шулар жумласидандир.

Тадбир иштирокчиларининг айтишича, бугун маданийлашган жаҳон иқтисодиёти фани ва амалиётида органик қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга табиий атроф-муҳитни сақлашнинг асосий усулларидан бири сифатида қаралмоқда. Чунончи, ривожланган мамлакатларда органик қишлоқ хўжалиги – нафақат етиштирувчилар, балки, тадбиркор-бизнесменлар учун ҳам қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муқобили бўлмаган йўналиш ҳисобланади. Зеро, мамлакатда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг экспорт георафиясини кенгайтириш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда ушбу соҳадаги қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий актларни яратиш ва давлат стандартларини ишлаб чиқиш энг долзарб вазифалардандир.

Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистонда мақбул қишлоқ хўжалик амалиётини жадаллаштириш ва органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш натижасида мамлакатда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан Жаҳонинг йирик озиқ-овқат бозорларига расман ва тўғридан-тўғри кириши учун имкониятини туғдириши билан бирга чет эл валюталари (бошқа давлатларнинг воситасисиз) киримининг сезиларли даражада ошишига ҳамда экспорт географиясининг кенгайишига олиб келади. Бу ўз навбатида, республикамиз иқтисодиётининг ривожланаши ва аҳолиси ижтимоий ҳаёти даражасининг ошишига ижобий таъсир кўратади, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлинини таъминлаш самарадорлигини ҳам оширади.

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва муассаса, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, мутахассис ва экспертлар иштирокида органик қишлоқ хўжалигининг Ўзбекистонда ривожланишининг истиқболлари мавзуси ҳар томонлама чуқур фикр-мулоҳазалар билдирилди, таклиф ва тафсиялар ишлаб чиқилди. Шу билан бирга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ҳуқуқий асосларини ташкил этувчи қонунчилик лойиҳалари ва ташаббуслар ҳамда амалдаги қонунчилик, органик қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг ҳуқуқукий асослари хусусида сўз юритилди, органик қишлоқ хўжалигининг Ўзбекистондаги ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, органик қишлоқ хўжалигини юритиш хақида соҳага оид асосланган маълумотлар бериб борилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг