Ookla: Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича охирги 4 йилда 65 поғонага юқорилаган
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳоннинг нуфузли “Speedtest Global Index” рейтингига кўра, Ўзбекистонда интернет тезлиги янада яхшиланиб бормоқда.
Ўзбекистонда интернет инфратузилмасини ривожлантириш, унинг қамровини кенгайтириш ва фойдаланувчилар учун юқори сифатли хизматларни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Бу динамика мамлакатнинг рақамли иқтисодиётга ўтишдаги илдам қадамларидан бири сифатида эътироф этилади.
Speedtest Global Index натижаларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон 133-ўринни эгаллаган бўлса, 2025 йил январь ҳолатига кўра, мамлакат ушбу рейтингда 68-ўринга кўтарилган. Шу тариқа Ўзбекистон 2020 йилдан бери 65 поғонага юқорилаган.
«Ookla» – глобал интернет тезлигини ўлчаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланадиган етакчи ташкилот бўлиб, 2006 йилда ташкил этилган. У Спеэдтест платформаси орқали бутун дунё бўйлаб фойдаланувчиларга интернет тезлигини текшириш имкониятини беради. Ташкилот ҳар ой “Speedtest Global Index” рейтингини янгилаб, дунёдаги мобил ва симли интернет тезликларини таққослаб боради.