2012 йили Рио-де-Жанейрода БМТнинг барқарор тараққиёт бўйича “Рио +20” номини олган Конференцияси бўлиб ўтди. Саммит очилишида сўзга чиқар экан, БМТнинг Бош котиби Пан Ги Мун инсоният янги даврга қадам қўяётганлигини қайд этди. У 2040 йилга бориб Ер шарининг аҳолиси 9 млрд. га етишини ҳисобга олиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг эски модели ўз аҳамиятини йўқотганлигини таъкидлади.
Маърузада 2030 йилга келиб дунё аҳолисининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи 50 фоизга, электр қувватига — 45 фоизга, сув заҳираларига эса 30 фоизга ўсиши таъкидланди. Буни амалга ошириш учун эса зудлик билан “яшил иқтисодиёт” ни жорий этиш зарур, деди Пан Ги Мун. Бугунги кунда яшил иқтисодиётга босқичма-босқич АҚШ, Жанубий Корея, Германия, Швеция, Дания, Голландия ва бошқа ривожланган мамлкатлар ўтмоқда. 2015 йилнинг охирига келиб, Мингйиллик ривожланиш мақсадлари ўрнига БМТнинг Бош Ассамблеяси Саммитида Барқарор ривожланиш мақсадлари ишлаб чиқилди. Унинг асосий йўналишларидан бири қайта тикланадиган қувват манбаларидан фойдаланиш эди. 2008 йилга келиб, 43 та мамлакат қайта тикланадиган қувват манбаларига ўтиш режасини ишлаб чиқишди. 2010 йилда эса илк маротаба шамол трубиналари, биоёқилғи заводлари, қуёш батареялари ишлаб чиқарадиган қувват 381 ГВт (Гигаватт)га етиб, ядровий электростанциялар қувватидан ошиб кетди. Бугунги кунда дунёдаги барча электростанцияларнинг қуввати 3,54 ТВт (Тераватт)ни ташкил этади. Демак, тикланадиган қувватни ишлаб чиқрадиган электростанциялар барча электр станциялар ишлаб чиқарадиган қувватнинг 10 фоизинигина ишлаб чиқаришади.
2011 йилнинг декабрь ойида Европа қўмитаси 2050 йилгача мўлжалланган «2050 йилнинг энергетик йўл харитаси”ни ишлаб чиқди. Унга кўра 2050 йилга келиб ҳавога чиқарилаётган карбонот ангидрид миқдори 1990 йилга нисбатан 80%га камайтирилиши, қайта тикланадиган қувват манбаини ишлаб чиқарадиган электр қувватидан 75% га фойдаланиш режаси белгиланганди. Мазкур ҳужжатнинг кучга кириши бугунги кунда Европада шамол, қуёш қувватидан, шунингдек биоёқилғидан самарали фойдаланишга ва уларни ишлаб чиқарилишининг арзонлашувига олиб келди.
Ер юзида тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш борасида самарали фаолият олиб боришда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг роли каттадир. Дунё давлатларини ўзаро мулоқот, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка чорлаш, уларнинг куч ва имкониятларини яратувчанлик йўлида бирлаштириш, яъни энг долзарб масалаларни баҳамжиҳат ҳал қилиш ушбу ташкилот томонидан 2015 йилга қадар қабул қабул қилинган Мингйиллик ривожланиш мақсадларида, 2016 йилда эса Барқарор ривожланиш мақсадларида ўз ифодасини топди.
БМТ бошқа етакчи уюшмалардан фарқли ўлароқ, фуқаролик хизматига ихтисослашгани, аъзо давлатларнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тан олиниши, ўз бюджетига эгалиги, ваколатлари доирасида халқаро шартномалар тузиш ва мажбуриятларни зиммасига олиш каби қатор хусусиятлари билан ажралиб туради. Ҳозирги кунда дунёда турли ғоя ва мақсадлар йўлида тузилган 2,5 мингдан ортиқ халқаро ташкилот мавжуд бўлиб, улар ҳудудийлиги, икки ёки кўп томонлама ҳамкорликка асослангани билан тафсифланса-да, аммо ҳеч бири башар қисматини боғлаган миллион-миллион ришталарни ўзида бирлаштира олмайди. Дунёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, она сайёрани асраб қолиш, халқаро ва миллатлараро муносабатларда ҳамжиҳатликка эришиш БМТнинг асосий вазифаларидандир. Ташкилотнинг жаҳон сиёсатидаги ўрни ҳақида тўхталар эканмиз, 2000 йил 6-8 сентябрь кунлари Бош Ассамблеянинг 55-махсус сессиясида Мингйиллик декларацияси имзолангани, унда учинчи мингйиллик тамаддунининг асосий мақсадлари, яъни инсоният тақдирида реал аҳамиятга эга бўлган саккизта муҳим масаланинг қабул қилинганини алоҳида қайд этиш жоиз.
2000 йилда қабул қилинган Мингйиллик Ривожланиш Мақсадлари (МРМ), жаҳон ҳамжамияти томонидан бутун дунёда қашшоқликни бартараф этиш йўлида мисли кўрилмаган даражадаги саъй-ҳаракатларга туртки бўлди. Умуман олганда, МРМ ушбу мақсадга 2015 йилгача бўлган вақт мобайнида эришиш йўлида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ ва лўнда чора-тадбирлар тўпламини белгилаб берди. Ушбу мақсадларнинг асосий афзаллиги уларнинг аниқ мазмуни ва айни пайтда белгиланган кўрсаткичлар ёрдамида кузатиб бориш имкониятининг мавжудлигидадир, модомики “белгиланган мақсадларнинг аниқ ўлчамли бўлиши ушбу мақсадларнинг амалда эришилишини таъминлаб берувчи муҳим омилдир”. МРМ доирасида бутун дунёда ўта қашшоқликни бартараф этиш, бошланғич таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, бошланғич мактаб даражасида гендер тенглигини таъминлаш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, ОИВ-инфекцияси тарқалишини тўхтатиш ва безгакдан ўлим ҳолатларини қисқартириш, ҳамда санитарияни яхшилаш имкониятларини таъминлаш борасида эътиборга молик натижаларга эришилди.
Аммо, белгиланган мақсадларга эришиш даражаси турли мамлакатларда ва айни бир мамлакатнинг турли худудларида нотекис кечди. Дунё мамлакатлари МРМ доирасида эришилган муваффақиятларни эътироф этган ҳолда, МРМ доирасида амалга оширилиши якунланмай қолган мақсадларга эришиш, ҳамда, жаҳон ҳамжамиятини 2015 йилдан сўнг янги ривожланиш жабҳалари сари етакловчи максадларни белгилаб олиш заруриятини таъкидладилар. 2016 йилдан БМТ 2015 йилнинг 25 сентябрь куни Нью-Йоркдаги саммитида БМТнинг 193 та аъзо давлатлари томонидан қабул қилинган ва 2030 йилгача эришилиши лозим бўлган 17 та БРМ ва уларга боғлиқ бўлган 169 вазифаларнинг аниқланишига олиб келди.
Барқарор Ривожланиш Мақсадларини (БРМ) амалга ошириш 2016 йилнинг 1 январидан бошланиб, 2030 йилнинг 1 декабрида якунланиши лозим. Ўзбекистон Республикасида илк экологик муаммо ва тушунчалар 1950-йиллардан, Оролнинг қуриши оқибатида юзага кела бошлади. Мазкур муаммоларнинг ОАВда ёритилиши экологик журналистиканинг вужудга келишига туртки бўлди. 1958 йилда “Комсомольская правда” газетасида журналист Н.Дадажоновнинг “Орол ўляпти” деган мақоласини эълон қилди. Афсуски, узоқ йиллар ушбу муаммога панжа орасидан қараб келинди.” Бугунги кунда юртимизда экологик хавфсизликни таъминлаш учун изчил институционал ва ташкилий чоралар кўрилмоқда. Айтиш жоизки, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ҳамда тегишли халқаро нормаларга мос ҳуқуқий база яратилган. Мамлакатимиз БМТнинг атрофмуҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт соҳасидаги энг муҳим конвенциялари, Барқарор Ривожланиш Мақсадларига қўшилиб, зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариб келмоқда. Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилган, мақсадли давлат дастурлари, миллий ҳаракат режалари ҳаётга татбиқ этилаётир. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган ушбу хайрли ишларда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ва изчил чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда истиқлол йилларида атмосферага зарарли моддаларни чиқариш 2 баробар, ифлосланган оқова сувларни оқизиш 2,2 баробар камайтирилди. Сўнгги бир неча йилда қишлоқ хўжалигида пестицидлардан фойдаланиш 5 баробар қисқартирилди, саноат корхоналарида экологик хавфсиз технологиялар кенг жорий этилаётир, ишлаб чиқариш чиқиндилари чуқур қайта ишланиб, тозалаш қурилмалари модернизация қилинмоқда. Бу эса нафақат экологик, балки катта иқтисодий самаралар бераётир.