Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 22/06/2021 Она бўлақолгин менга, Табиат!
Она бўлақолгин менга, Табиат!

Собиқ Иттифоқ парчаланганидан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув ресурслари масаласида муаммолар келиб чиқаётгани бор гап. Зеро, минтақамизнинг обиҳаётга бўлган эҳтиёжининг деярли 90 фоизини бир неча мамлакат ҳудудидан оқиб ўтувчи Амударё ва Сирдарё таъминлайди. Ҳудуд тарихида сув ҳамиша тараққиётнинг асосий таянчи бўлиб келган. Кўҳна шаҳарларнинг барпо этилиши, тамаддунлар пайдо бўлиши, йўқ бўлиб кетиши шу икки дарёдаги обиҳаётнинг миқдори, ундан қай даражада самарали фойдаланиш билан бевосита боғлиқ эди. Хўш, бугунги кун — минтақа давлатларининг қишлоқ ҳўжаликлари, саноати шиддатли ривожланаётган, аҳоли сони жуда тез ўсаётган, хуллас, сувга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгиданда ортиқ бўлган шароитда мазкур масала қай аҳволда?

Марказий Осиё сув ресурсларининг йиллик ҳажми тақрибан 116 километр кубни ташкил этади. Бу тахминан Орол денгизи тўла бўлган пайтдаги сув миқдорига тенг. Биз ишлатаётган обиҳаётнинг 90 фоизи Амударё ва Сирдарёдан ҳосил бўлади. Минтақадаги ер ости сувлари ҳажми тахминан 43,49 км3 дир. Бугунги кунда сувнинг 80 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сарфланмоқда. 7–8 фоизи саноат, қолган қисми рўзғор, хизмат кўрсатиш соҳасида ишлатилади. Минтақада сувдан мақсадсиз фойдаланиш қандай оқибатларга олиб келишини Орол денгизи фожиаси мисолида яхши биламиз. Олимлар узоқ йиллардан буён жаҳонда кутилаётган иқлим ўзгариши шароитида минтақамиз сувнинг кескин етишмаслиги муаммосига дуч келиши мумкинлигини башорат қилиб келади. Воқеаларнинг тахминий сценарийларига кўра, давлатларнинг обиҳаётдан фойдаланиш имконияти 8–10 фоизга пасайиши, аҳолининг сув билан таъминланганлик даражаси киши бошига йилига мавжуд 2500 м2 дан 1400 м2 га қисқариши мумкинлигини англатади. Бундан ташқари, сувдан тежаб-тергаб фойдалана билмаслик, унинг етказиб бериш жараёнида йирик миқёсда исроф бўлиши ҳолатлари минтақадаги вазият янада ёмонлашувига олиб келиши мумкин. Юқоридагилар сув хавфсизлиги масаласида минтақа давлатлари мувофиқлаштирилган зарур чораларни амалга ошириши лозимлигини кўрсатади.

Марказий Осиёда сув муносабатлари ҳуқуқий жиҳатдан 5 та республика ўртасида қабул қилинган «Давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланишни бошқариш ва қўриқлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида»ги келишувга асосан тартибга солинади. Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси (ДМСХК) фаолият юритади. У 1992 йилда ташкил этилган эди. ДМСХК таркибига котибият, Сирдарё ва Амударёнинг иккита ҳавза ташкилоти ва илмий-ахборот маркази (ДМСХК ИАМ) киради. Комиссия кенгашлари йиғилиши йилига икки марта ёки ундан кўпроқ ўтказиб турилади. Қарорлар ўзаро муроса асосида қабул қилинади.

Бугунги кунга келиб, сув бўйича ҳамкорлик масалаларига умумий манфаатлардан келиб чиқиб ёндашиляпти. Муаммоларни муҳокама қилиш учун Марказий Осиё мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари учрашуви сингари сиёсий платформалар ташкил этилди. Минтақадаги 5 та республика раҳбарларининг доимий саммитлари чоғида сув масалаларига устувор аҳамият берилмоқда. Қайд этиш жоизки, Марказий Осиё мамлакатлари ҳалқаро ҳамкорлар кўмагида Орол денгизи муаммосини ҳал этиш йўлида кўплаб натижаларга эришдилар. Бунинг натижасида денгизнинг Қозоғистон тарафидаги бир қисми тикланди, Ўзбекистон Оролбўйи сув ҳавзалари экотизимини сақлаб қолди. Денгизнинг қуриб қолган тубини фаол ўрмонлаштириш бошланди. 750 минг гектарга яқин ҳудудга турли дарахт ва буталар экилди. Ҳукумат экологик фалокат ҳудудини инновация ва инвестициялар зонасига айлантириш ҳақида қарор қабул қилди.

Миллий даражадаги сув хўжалиги идораларининг мақоми ўзгарди. Илгари мустақил сув ресурслари вазирликлари қишлоқ хўжалиги, энергетика ёки атроф-муҳит муҳофазаси вазирликлари таркибига кирар, бошқарувчи идоралар ваколатлари ва обрўси пасайиб кетган эди. Қишлоқ хўжалиги ва миллий маъмурий ислоҳотлар, ўзгаришлар сув хўжалиги соҳасига тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари ўртасида ҳамкорликнинг прагматик ва барқарор тизими яратиляпти.

Бу ўринда, янги техник ечимларни қидириш, ҳамкорлик ва секторлар ўртасида комплекс режалаштиришга кўмаклашиш учун янги сиёсий ва иқтисодий мезонларни ишлаб чиқиш зарур. Тожикистон ва Ўзбекистондаги сув соҳаси ислоҳотларини давом эттириш, Туркманистондаги ўзгаришлар кузатиб борилиши керак. Шунингдек, ҳукуматлар сув таъминоти соҳасида тегишли рағбатлантириш йўлларини жорий этиши, уни хусусий ва халқаро инвестициялар учун жозибадор қилиши керак. Зеро, эски сув таъминоти тизимлари ундан фойдаланиш чоғидаги йўқотишларнинг асосий сабабчиси бўлиб келяпти. Минтақа давлатлари суғориш тизимининг деярли 70 фоиз инфратузилмаси ва сув таъминотининг 50 фоиз тизими эскириб, тиклаш ёки алмаштиришга муҳтож. Шу сабаб, сув таъминоти сектори учун инвестициялар ҳаводай зарур. Соҳада таълим ва илмий тадқиқотлар сифатини ошириш, сунъий интеллект, дронларни қўллаш, интенсив дала ва боғларни яратиш, томчилаб суғоришга ўтиш сингари янги замонавий ғоялар ҳам сувни тежашда катта аҳамият касб этади. Сув ресурслари соҳасида ишлаётган ёш ва истеъдодли кадрларни рағбатлантириш ҳам самара беради. Юқоридагиларни ҳаётга татбиқ қилиш Марказий Осиё учун қатор олимлар башорат қилаётган сув танқислиги, қурғоқчилик хавфини бартараф қилишда муҳим аҳамият касб этган бўларди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг