Бугун иқлим ўзгариши инсоният олдида турган энг жиддий муаммо экани жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган. Иқлим ўзгариши инсон ҳаётининг барча соҳаларига таъсир кўрсатмоқда ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини олдини олиш ҳамда янги ҳаёт шароитларига мослашиш бўйича кечиктирилмайдиган чоралар кўришни талаб этмоқда.
Замонавий илм-фан инсоннинг авваламбор қазиб олинадиган ёқилғини ёндириш натижасида иссиқхона газларининг чиқарилиши билан боғлиқ хўжалик фаолияти иқлимга сезиларли таъсир кўрсатаётганини тасдиқловчи жиддий асослар тақдим қилмоқда.
Ўзбекистонда 1880 йилдан то ҳозирги вақтгача бўлган даврда ўртача йиллик ҳарорат 1,6 даража (13, 2 дан 14,8 °С гача) ошди, бу глобал миқёсда кузатилаётган ўртача суръатлардан юқоридир. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра 2030-2050 йилларда минтақада ҳаво ҳарорати яна 1,5-3°Сга кўтарилиши мумкин. Ҳаво ҳароратининг айниқса Оролбўйида кўтарилиши кутилмоқда, бу эса маҳаллий иқлим ўзгаришлари билан янада оғирлашади.
Ўзбекистон иқлим ўзгариши оқибатлари таъсирига кўпроқ мойил бўлган мамлакатлар қаторига киради. Экспертларнинг баҳоларига кўра атмосферада иссиқхона газлари консентрациясининг бундан кейин ҳам ортиши, қурғоқчилик натижасида сув ва озиқ-овқат танқислиги хавфини кўпайишига, иссиқ мавсум давомийлиги ва қизғинлигининг ошиши туфайли аҳоли сонининг ортишига, шунингдек селлар, тошқинлар ва бошқа хавфли ҳодисаларнинг такрорланишига олиб келади. Ундан ташқари, бундай илиш экотизимлар ҳолатига салбий таъсир кўрсатади, ва Оролбўйи, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятлари каби минтақаларда экологик вазиятнинг кескинлашувига олиб келади.
Глобал иқлим ўзгариши ва мамлакат табиий-ресурс комплексининг ана шу ўзгаришларга таъсирчанлиги изчил иқлимий сиёсатни шакллантириш заруриятини белгилайди.
БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Доиравий конвенцияси (БМТ ИЎДК) иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича халқаро ҳаракатларнинг асоси бўлиб, атмосферадаги иссиқхона газлари консентрациясини иқлимий тизимга хавфли антропоген таъсир кўрсатишига йўл қўймайдиган даражада барқарорлаштиришга қаратилган. Ўзбекистон БМТ ИЎДКга 1993 йилда қўшилди.
Ўзбекистон 1999 йилда ривожланган мамлакатларга иссиқхона газлари ажратмаларини қисқартириш ёки барқарорлаштириш мажбуриятларини юкловчи халқаро битим – Киото протоколини ратификация қилди.
Кучайиб бораётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал таҳдидларга комплекс жавобни мустаҳкамлаш мақсадида, БМТ ИЎДКнинг Киото протоколи ўрнига 2015 йил декабрда Париж битими қабул қилинди, у 2020 йилда кучга кирди.
2017 йил 19 апрелда Ўзбекистон Париж битимини имзолади, 2018 йил 2 ноябрда ратификация қилди. Париж битимининг мақсади - ИЎДК амалга оширилишини фаоллаштириш, глобал ўртача ҳароратнинг индустриаллаштиришгача (1750 й.) бўлган даражага нисбатан 2°С га сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг 1,5°С гача ўсишини чеклашга ҳаракат қилишдан иборат, бу 2050 йилга келиб иқлим ўзгариши глобал ажратмаларини 40-70%га камайтиришни ва 2100 йилга келиб унинг 0 ёки манфий кўрсаткичга етказишни талаб этади.
Париж битимини имзолашнинг зарурий шарти – мамлакатнинг 2030 йилга қадар эришмоқчи бўлган иссиқхона газлари ташламаларини камайтиришга оид Мўлжалланаётган миллий миқёсда белгиланадиган ҳисса (ММБҲ)ни тайёрлаш ва БМТ ИЎДК котибиятига тақдим этиш. Миллий миқёсда белгиланадиган ҳисса (МБҲ) Париж битимининг глобал мақсадларига ҳисса қўшиш учун миллий ҳаракатларни амалга оширишни асосий механизмидир.
Париж битими бўйича Ўзбекистоннинг асосий мажбурияти - 2030 йилга қадар иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 10%га қисқартириш.
Ўзбекистон ММБҲ 2030 йилгача бўлган даврда иқлим ўзгаришини юмшатиш ва унга мослашиш чораларини ва ҳаракатларини ўз ичига олади. Мўлжалланаётган миллий миқёсда белгиланадиган ҳисса (ММБҲ)ни амалга ошириш фаол олиб бориляпти ва Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги ПҚ-4477-сонли қарорига мувофиқ, “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «Яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси” тасдиқланди ва ушбу Стратегияни илгари суриш ва жорий этиш бўйича Идоралараро кенгаш тузилди. Ушбу Стратегиянинг Ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси)га мувофиқ, ҳар бир вазирлик ва идораларга иқлим ўзгаришини юмшатиш ёки унга мослашиш бўйича вазифалар юклатилган.
“Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида” ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни тезлаштириш (қуёш ва шамол электр станцияларни қуриш) учун ҳуқуқий ва меъёрий асос яратди.
БМТ ИЎДК ва Париж битими бўйича мажбуриятларни бажариш доирасида иссиқхона газлар ташламаларини камайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашишнинг устувор йўналишлари мамлакатнинг тегишли стратегик ва тармоқ режалари ва дастурларида акс эттирилган.