Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари томонидан олий таълим муассасаларининг жойлашуви шаҳарларнинг ҳолатига, жумладан тирбандлик муаммосига қандай таъсир қилиши ўрганилди.
Таълим муассасалари ривожланишнинг асоси ҳисоблангани учун, уларни оқилона жойлаштириш шаҳарсозликнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади. Масалан, 2012 йилда Москвада йўллардаги юкламани камайтириш мақсадида 2020 йилгача пойтхтдаги мавжуд бешта йирик университет учун Москва ҳалқа йўли ташқарисида ўқув биноларини қуриш режалаштирилган ва бир нечта нуфузли олий таълим муассасасини оптималлаштиришга қарор қилинганди. Дунё миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, QS World University Ranking рейтингидаги 25 та энг нуфузли олий таълим муассасасининг 9 таси пойтахт шаҳарларда ва қолган 16 таси пойтахт шаҳарлардан ташқарида жойлашган.
Тадқиқотда Тошкент шаҳри йўлларининг тирбандлик даражаси қуйидагича баҳоланди:
- йўллардаги ўртача тезлик бўйича;
- тирбандлик мавжуд йўлларнинг узунлиги бўйича:
- ижтимоий сўров натижалари бўйича.
Маълумот учун: Тирбанд йўлларнинг узунлиги QGIS дастури воситасида Quick Map Services маълумотлари асосида аниқланди. Тирбандлик харитаси бўйича автомобиль йўлда соатига 10 кмдан кам тезликда ҳаракатланса – тўқ қизил , соатига 10-25 км оралиқдаги тезликда ҳаракатланса – қизил, соатига 25-45 км оралиқдаги тезликда ҳаракатланса – сариқ ва соатига 45 кмдан юқори тезликда ҳаракатланса – яшил рангда ифодаланади. Шуни инобатга олиб, фақат қизил ва тўқ қизил рангли йўллар таҳлил қилинди.
Тадқиқот натижасида қуйидагилар аниқланди:
1. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида тирбандлик юқори бўлган йўлларнинг жами узунлиги 120 кмдан ортиқ. Бу Тошкент шаҳридан Гулистон шаҳригача бўлган масофа (119 км) дан ҳам ортиқ.
2. Республика олий таълим муассасаларининг
43% и Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, жами талабаларнинг 34% и (354 минг) пойтахтда таҳсил олади.
3. Сўровнома иштирокчиларининг 47% и айнан ўқишга қатновчилар туфайли фаолликнинг ортишини тирбандликни келтириб чиқарувчи учта асосий сабабдан бири сифатида қайд этди. Сўровда иштирок этган талабаларнинг 78% и тирбандликни асосий муаммолардан бири, деб баҳолаган.
4. Сўровда қатнашган талабаларнинг 9,3% и бўш вақтларида кира қилишини билдирган. Уларнинг 91% ини Тошкентга бошқа ҳудуддан келиб таҳсил олаётган талабалар ташкил этган. Бу уларнинг кундалик эҳтиёжини қондириш учун қўшимча ишлашига тўғри келаётганини билдиради. Бу эса ўз навбатида таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади.
5. Талабалар учун ўқиш давридаги фаолликнинг ортиши ўта тирбанд йўллар узунлигининг 8,5 кмдан 11,3 кмгача ошишига сабаб бўлади.
6. Ўқиш даврида тирбандликнинг ортиши сабабли бир йилда атмосферага қўшимча 507 тонна CО2 ажралиб чиқади. Бу ҳолат қўшимча 19 031 туп дарахт экиш ёки 53 гектар яшил ҳудуд барпо этишни талаб қилади.
Таъкидлаш жоизки, ОТМларнинг пойтахтда марказлашуви туфайли бошқа ҳудудлардан кўплаб ёшлар Тошкент шаҳрига келиб таълим олмоқда. Тошкент шаҳрида нархларнинг бошқа ҳудудлардагига нисбатан юқорилиги, талабалар турар жойларининг етишмаслиги ва ижара нархининг баландлиги таълим харажатлари бир неча баробар ортиб кетишига олиб келмоқда.
Иқтисодиётнинг маълум тармоғи учун мутахассислар тайёрловчи таълим муассасаларини шу тармоққа ихтисослашган ҳудудларга жойлаштириш фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаб, таълим сифатини оширишда ёрдам беради. Шу билан бирга, олий таълим муассасалари атрофида хизмат кўрсатиш объектларининг кўпайиши ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига мультипликатив таъсир қилиб, ҳудудлараро табақалашув даражасини қисқаради.