Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатида парламент юқори палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Унинг ишида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг раислари, доимий комиссиялари аъзолари, ҳудудлардаги фаол ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, ўтган беш йилда Ёшлар парламенти аъзолари барча йўналишларда сенаторлар билан ёнма-ён туриб тажриба орттиргани, янги институт доирасида муайян натижаларга эришиб, зарур тузилма эканини исботлашди.
Бунинг амалий ифодасини Ёшлар парламентларининг 2 нафар аъзосининг Қонунчилик палатасига депутат, 20 нафари эса яна бир бор халқ ишончига сазовор бўлиб, маҳаллий Кенгашлар депутатлари этиб сайланганида кўриш мумкин.
Ёшлар парламентининг ваколат муддати тугаши муносабати билан унинг янгиланган таркиби шакллантирилди. Ишлаб чиқилган низомга кўра, унинг таркиби маҳаллий Кенгашлар тавсияси асосида 84 нафар 30 ёшгача бўлган депутатлардан, 10 нафар Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда 6 нафар Сенатнинг тегишли қўмитаси тавсиясига асосан шакллантирилган.
Шундай қилиб, Ёшлар парламентининг 100 нафардан иборат янги таркиби тасдиқланди.
Навқирон жамоанинг 13 нафари турли давлат мукофотлари билан тақдирланган, 11 нафари хорижий олий ўқув юртларини тамомлаган бўлиб, таркибнинг 95 фоизини олий маълумотли ёшлар ҳамда 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Янги таркибнинг сифат жиҳатидан ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, тадбиркорлар, экологлар ҳамда маданият, спорт ва соғлиқни сақлаш соҳалари вакилларидан ташкил топгани, шубҳасиз, барча йўналишларда самарали фаолият олиб боришга хизмат қилади.
Мажлисда ташкилий масала кўриб чиқилди. Лайло Аслонова Ёшлар парламенти раиси этиб бир овоздан сайланди. Шунингдек, Иброҳимжон Жўрабоев ҳамда Азизбек Очилбоев Ёшлар парламенти раиси ўринбосарлари этиб тасдиқланди. Шунингдек, Ёшлар парламентининг комиссиялари раислари ва уларнинг аъзолари ҳам сайланди.
Ташкилий масаладан cўнг Сенат Раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида Ёшлар парламенти ўз фаолиятида эътибор қаратиши лозим бўлган устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.
Хусусан, қонун ижодкорлиги жараёнида фаол иштирок этиш, ёшларга доир қонунларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериш, жойларда ёшлар бандлиги масаласини пухта ўрганиш ва тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Ёшлар парламенти ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг, болалар ва аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол иштирок этиши, хорижий мамлакатларнинг ёшлар парламентлари билан ҳамкорлик қилиши ва ўзаро тажриба алмашиши лозимлигига ҳам урғу берилди.
Шунингдек, Ёшлар парламенти томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ва тадбирларни кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва аниқ медиа-режа асосида ишни ташкил қилиш ҳамда уларни ёшлар кўп фойдаланадиган Интернет, ижтимоий тармоқларда мунтазам ёритиб бориш юзасидан тавсиялар берилди.
Сўзга чиққан ёшлар томонидан бир қатор муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Шунингдек, Ёшлар парламентининг келгусидаги устувор вазифалари ва режалари белгилаб олинди.