Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Спорт 29/08/2016 Олимпия ўйинлари совриндорларига пул мукофотлари ва Malibu автомобиллари топширилди
Олимпия ўйинлари совриндорларига пул мукофотлари ва Malibu автомобиллари топширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида Рио-2016 қахрамонларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда яқиндагина Рио-де-Жанейрода якунига етган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ҳар жиҳатдан ўзини кўрсатиб Ватанимиз довруғини бутун дунёга танитган спортчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номидан пул мукофотлари, Миллий Олимпия қўмитаси номидан Malibu автомобиллари тантанали вазиятда топширилди.

Хабарингиз бор, юртбошимиз томонидан имзоланган қарорга мувофиқ Олимпия ўйинларида олтин медалга сазовор бўлган спортчилар 200 000, кумуш медаль соҳибларига 100 000 ва ниҳоят бронза медалини қўлга киритган ҳамюртларимиз 75 000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилиши кўзда тутилган эди. Бугун ана шу мукофотлар ўз эгаларига топширилди. Шунингдек Олимпия ўйинларининг барча, 13 та ғолиб ва совриндорларига бир хилда Chevrolet Malibu автомобиллари тақдим этилди.

Тадбирда дастлаб сўз олган Ўзбекистон Республикаси Бош Вазир ўринбосари Адҳам Икрамов спортчиларимиз Бразилия ареналарида юксак натижаларга эришиб, Ўзбекистонлик ёшлар ҳеч кимдан кам эмасликларини амалда исботлашганини, мамлакатимиз делегацияси биринчи марта Олимпия ўйинларида 13та медални қўлга киритиб, 207 да давлат орасида 21-ўринни банд этганини ва бунинг замирида тўрт йиллик улкан меҳнат ётганлигини таъкидлаб ўтди.

Шахсан Президентимиз раҳнамолигида бутун Республикамиз бўйлаб спортни ривожлантириш, янги янги замонавий спорт иншоотлари ва базаларининг бунёд этилиши, спортчиларга кенг имкониятлар яратиб берди. Давлатимиз раҳбарининг бундай ғамҳўрлигига жавобан спортчиларимиз ҳам Олимпия ўйинларидан медаллар шодаси билан қайтишди. Рио ареналарида тўрт маротаба байроғимиз сарбаланд кўтарилиб, мадҳиямиз янгради. Агар бу сафарги Олимпия ўйинларини ер юзида уч миллиарддан зиёдроқ инсон томоша қилганлигини ҳисобга олсак, спортчиларимиз Мустақил диёримизни бутун дунёга танитишда беқиёс хисса қўшишганлигига гувоҳ бўламиз.

Айниқса бокс бўйича терма жамоамиз Олимпия ўйинларида Куба, Россия, Қозоғистон, АҚШ каби давлатларни ортда қолдириб биринчи ўринни эгаллаши, энг енгил вазнда олтин медалга сазовор бўлган ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматовнинг Олимпия ўйинларининг энг яхши боксчиси дея эътироф этилиши, 10 та вазн тоифасида рингга кўтарилган боксчиларимиздан еттитаси совринли ўринларни эгаллаши, уларнинг беш нафари эса финал жангларида рингга чиқиши бутун дунёни хайратга солди.

Шунингдек Оғир атлетика бўйича Руслан Нуриддиновнинг чемпионликка эришиб олтин медалга сазовор бўлиши ва Олимпия ўйинлари рекордини янгилаши нур устига аъло нур бўлди. Руслан Олимпия ўйинлари рекордини янгилаган биринчи ўзбекистонлик спортчи сифатида тарихга кирди.

Бугунги тантанали маросимда сўзга чиққан XXXI ёзги Олимпия ўйинлари совриндорлари - Ҳасанбой Дўсматов, Бектемир Мелиқўзиев, Рустам Тўлаганов ва Руслан Нуриддиновлар ҳам яратиб берилган шароитлар учун юртбошимизга миннатдорчилик изҳор этиб, ўз ғалабаларини Мустақиллигимизнинг 25 йиллик шодиёнасига бағишларини айтиб ўтишди. Тадбир давомида шунингдек спорт соҳасида ўзини намоён этган бир гуруҳ ватандошларимизга “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” кўкрак нишони топширилди.

Ана шу тариқа Олимпия ҳаракатининг тўрт йиллик цикли якунига етди ва унинг хотимаси - Риодаги Олимпия ўйинлари ўзбек спорти тариҳига олтин харфлар билан битиладиган бўлди. Олдинда бизни Осиё ўйинлари ва 2020-йилда Токио мезбонлик қиладиган навбатдаги Олимпиада кутмоқда. Ишонамизки юртимиз спортчилари келгуси мусобақаларда бунданда юксакроқ натижаларга эришиб, ҳур ва озод диёримиз довруғини янада машҳурроқ қилишади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг