Валюта курслари 17/09/2024
$1 – 12729.48
UZS – -0.16%
€1 – 14156.45
UZS – 0.1%
₽1 – 139.72
UZS – -0.38%
Қидириш
Дунё 01/04/2024 Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг Хитой тажрибаси
Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг Хитой тажрибаси

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Хитой мисолида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг хориж тажрибаси ўрганилди.

Хитойда оилавий тадбиркорлик субъектларининг ривожланиш тарихи бошқа мамлакатлардагига нисбатан қисқалиги билан ажралиб туради. Хитойда 1978-йилда ўтказилган иқтисодий ислоҳотлардан сўнг тадбиркорлик субъектларнинг хусусий мулкка эгалик қилишига рухсат берилган.

Бугунги кунда Хитойда рўйхатга олинган йирик компанияларнинг 30 фоиздан ортиғи ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қарийб 90 фоизи оилавий тадбиркорлик субъектлари сифатида таснифланади.

Хитой ҳукумати томонидан 90-йилларда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлардан кейин оилавий тадбиркорлик субъектлари ўзининг юқори самарадорлиги ҳисобига катта ўсишни намойиш қилди.

Асосан кичик ва ўрта бизнес соҳасида кенг тарқалган оилавий тадбиркорликнинг йирик бизнес даражасигача ўсиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилган. Дастлаб ион батареяларини ишлаб чиқарувчи кичик BYD оилавий тадбиркорлик корхонаси ҳозирга келиб, нафақат Хитой, балки дунёда электромобилларни ишлаб чиқарувчи энг йирик корпорациялардан бирига айлангани бунга яққол мисол бўла олади.

Хитойда тадбиркорлик субъектлари, хусусан оилавий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган товарларни истеъмолчига ўз вақтида етказиб бериш борасида онлайн савдо платформалари ва товарларни етказиш хизматлари жуда яхши ривожланган. Сўнгги 20 йилда Хитой ҳукумати етказиб бериш хизматлари инфратузилмасини яхшилаш учун катта миқдорда молиявий маблағ ажратди.

Бугунги кунда Хитойда ишлаб чиқарилган товарларни истеъмолчиларга етказиб беришда Taobao, Tmall, AliExpress, 1688.com, JD.com, Pinduoduo каби йирик онлайн савдо платформалари фаолият юритмоқда. Булардан ташқари SF Express, Cainiao Network, JD Logistics, YTO Express, ZTO Express, STO Express каби қулай ва арзон етказиб бериш хизматлари мавжуд. Натижада Хитой тадбиркорларининг онлайн савдо платформалари орқали савдо ҳажми 2019-йилда 1 трлн. 801 млрд. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022-йилда 3 трлн. 85 млрд. долларга етди.

Халқаро савдони ривожлантириш бўйича Хитой Кенгаши (China Council for the Promotion of International Trade) хитойлик тадбиркорларнинг халқаро бозорларга чиқиши учун уларни чет мамлакатлардаги стандартлар, божхона тизими, транспорт имкониятлари ҳақидаги зарур маълумотлар билан таъминлайди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг