Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Оила кодексининг 41-моддасига оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган эр ёки хотиннинг талабига кўра, суд томонидан ишни кўришда ярашиш учун муҳлат тайинланмасдан қарор чиқарилиши кўзда тутилган норма таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Уй-жой кодексига суд турар жойга мажбурий тартибда киритиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишда, қарздор (мулк эгаси бўлган эр ёки хотин)нинг ташаббусига асосан ушбу турар жойни муносиб шароитга эга бўлган бошқа турар жойга алмаштириши ёки тарафларнинг келишувига асосан ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини қарздорга юклаш бўйича норма киритиляпти.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси бўйича айрим мулоҳазали масалалар кўтарилди, мунозарали саволлар ўртага ташланди. Хусусан, депутат Дилноза Азизова қонун лойиҳасининг долзарблигини таъкидлаб, оилавий зўравонлик бўйича динамика юритилганми, умуман, бу борадаги рақамлар камайяптими ёки аксинча кўпайганми? деган саволни ўртага ташлади.
Қонун ташаббускорлари томонидан бу бўйича аниқ маълумотлар келтириб ўтилди.
Қонун лойиҳаси оилавий (маиший) зўравонлик жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, оилавий муносабатлар иштирокчиларининг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини, шу жумладан, хотин-қизларга яшаш учун қулай шароит яратиш ҳамда оила ва хотин-қизлар бошқаруви тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.