Одил судловдан барчанинг тенг фойдаланишини таъминлаш учун талаб этиладиган шарт-шароитлар 2021 йил 26 июль куни «Ўзбекистон Республикасида одил судлов ва миллий озчиликларга доир Грац тавсиялари” мавзуида ўтказилган давра суҳбати доирасида муҳокама қилинди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича олий комиссари офиси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Одил судлов ва миллий озчиликларга доир Грац тавсиялари ўзида муайян халқаро тажрибани мужассам этган. Бу ижобий тажриба Ўзбекистон давлат органлари вакиллари учун қизиқарли экани табиийдир.
Грац тавсияларида судга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий муассасаларга мурожаат қилиш билан боғлиқ масалалар ўз аксини топган. Ҳужжатда миллий озчиликлар ёки этник ҳамжамиятларнинг одил судловдан фойдаланишига доир масалалар бўйича ишлаб чиқилган амалий ёндашувлар жамланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов анжуман иштирокчиларини қутлар экан, агар мамлакатимиздаги барча этник гуруҳларнинг одил судлов тизимига нисбатан ишончини мустаҳкамлашни истар эканмиз, айниқса, судьялар ўз вазифаларини адо этиш асносида адолатга нақадар амал қилишларини яққол намоён этишлари зарурлигини таъкидлади. Ҳар биримизнинг ана шундай алоҳида саъй-ҳаракатларимиз, ўз навбатида, одил судлов тизимига нисбатан жамият ишончини шакллантириши мумкин.
Давра суҳбатида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича олий комиссари Элчи Кайрат Абдрахманов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси – Элчи, доктор Пьер фон Аркс ҳам сўзга чиқди.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганларидек, Грац тавсияларининг Тошкентдаги ушбу тақдимоти Ўзбекистон давлат органлари вакиллари билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича олий комиссари учун этник ҳамжамиятларнинг барча вакиллари одил судловдан тенг фойдаланишига доир долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилиш имконини яратди.
Бу масалалар, жумладан, қонун устуворлиги, камситишга йўл қўймаслик ва тенгликни, шу жумладан гендер тенгликни таъминлаш принципларини, мустақил одил судлов органи томонидан оқилона муддатларда адолатли равишда муҳокама қилиниш ҳуқуқи ҳамда юридик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқини ўз ичига олган.
Анжуман доирасида одил судловдан фойдаланилишини яхшилаш борасидаги халқаро тажриба чуқур ўрганилди. Судларда ўз ҳуқуқларидан фойдаланишда ҳаммага тўлиқ тенг имкониятлар яратилишини рағбатлантириш стратегияси хусусида ҳам сўз юритилди.
Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқаро экспертлар, мамлакатимиз вазирликлари ва давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси, БМТТДнинг Тошкентдаги офиси вакиллари ҳамда Швеция Қироллигининг Ўзбекистондаги Элчиси иштирок этди.