Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги Оққўрғон ва Сорисув маҳаллаларида «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Пайариқ тумани Оққўрғон маҳалласидаги фаолияти айни шу мезонлар асосида амалга оширилаяпти. Бу «Ободлик хонадондан бошланади», «Ободлик кўнгилдан бошланади», деган қадим ҳақиқатнинг реал ҳаётимиздаги яна бир исботидир.
Президент Халқ қабулхонаси, вазирликлар, қўмиталар ва вилоят секторлари масъулларининг Оққўрғон маҳалласидаги ўрганишлари натижасида умумфойдаланувдаги Саройқўрғон, Лангар кўчаларининг 3 км. қисмини асфальтлашга киришилган бўлса, Пўлатчи, Қиёт, Баландқўрғон каби ўнга яқин тупроқ кўчалар тош йўлга айлантириляпти.
Ҳудуддаги 480 та эскирган симёғочларни бетон устунларга алмаштириш, 10,2 км тармоқни янгилаш ва учта қўшимча трансформатор ўрнатиш белгилаб олиниб, бу борадаги амалий ишларга киришилди. Йўлаклар таъмирланиб, светафор ўрнатиш, таълим ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, автобекат қуриш, мобиль алоқа хизматини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда асосан юрак-қон томир, асаб касалликлари ва ортиқча вазн билан боғлиқ хасталиклар аниқлангани боис шифокорлар беморларни даволаш билан бирга, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш бўйича аҳолига етарлича тушунча-ю амалий ёрдам ҳам беряпти. “Кексалар саломатлиги ойлиги” доирасида уйма-уй юрилиб, нуронийлар тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Беморлар бепул дори-дармонлар, ногиронлиги бор инсонлар реабилитация воситалари билан таъминланяпти.
Аҳолини ишли-даромадли қилиш учун ҳам бор куч-имконият ишга солиниб, ижтимоий ҳимояга муҳтож 30 дан зиёд инсонларга тикув машиналари, мотокультиватор, пайвандлаш ускуналари олиб берилди.
Томорқалардан самарали фойдаланиш, хонадонларни обод қилиш, уй-рўзғор маданиятини ривожлантириш борасида турли тарғибот тадбирлари, кўргазмали семинарлар ўтказиляпти. Интелектуал мусобақалар оққўрғонлик ёшларнинг билимини бойитаётган бўлса, Уч авлод мулоқотлари авлодлар ўртасидаги маънавий риштани янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қисқа муддатда ички имкониятлар ҳисобидан Пайариқнинг Оққўрғон маҳалласида ҳам «Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла» мезонлари жорий қилиниб, мазкур қишлоқ ҳар жабҳада энг намунавий, обод, гўзал ҳудудга айлантирилади. Бу тажриба кейинчалик вилоятнинг бошқа ҳудудларини қамраб олади.