Юртимизга гўзаллик фасли бўлмиш баҳор илиқ нафаси ила табиатни уйғотиб, ўзининг ёқимли тафти билан кириб келди. Қалби гўзалликка, эзгуликка ошно инсон борки, байрамлар фаслида теварак-атрофини обод қилишга шошади. Зеро, озодалик, поклик, саранжомлик бор жойда доимо барака ва кўркамлик бўлади.
Ана шундай эзгу мақсадларда давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Бохоро вилоятида ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Ишчи гуруҳ фаолияти доирасида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 мартдаги “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган бандларни, яъни туман ва шаҳарлар, маҳалла ва кўчаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Жумладан, “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида барча маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, меҳр-саховат кўрсатиш бўйича “Долзарб 10 кунлик” тадбирларини ҳамда вилоятда умумхалқ ҳашарини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Қолаверса, жорий йилнинг 11 мартидан бошлаб юртимизда Муборак Рамазон ойи бошланади. Ушбу улуғ ойнинг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳру-саховат каби фазилатларни намоён этадиган, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этади.
Бу борада Республика ишчи гуруҳи бошчилигида Бухоро вилоятида истиқомат қилаётган 72 мингдан ортиқ кам таъминланган оилалар, 5700 га яқин боқувчисини йўқотган оилалар, 600 дан зиёд ёлғиз кексалар ҳамда 50 мингга яқин ногиронлиги бор шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, амалий кўмак кўрсатиш кўзда тутилган.
Айни вақтда, маҳаллаларда, кўча ва гузарлар, хиёбонлар, қабристон ва зиёратгоҳларда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” тамойилларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президент маслаҳатчи Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи маҳаллаларда бўлиб, маҳалла еттиликлари, аҳоли билан мулоқот олиб бориб, бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Бу жараёнда Қоракўл туманининг Қораҳожи, Ромитаннинг Шўрча, Ғиждувоннинг Кўлижаббор, Когон шаҳрининг Хўжабарги маҳаллаларида “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” мезонларини жорий қилиш ишлари ҳам жадаллаштирилмоқда. Мазкур ҳудудларда янги маҳалла бинолари қад ростламоқда, таълим, тиббиёт, маданият муассасалари реконструкция қилинмоқда.
Мазкур маҳаллалардаги таъмирталаб 18 км йўлга шағал ётқизилди, 340 та симёғоч устунлар ўрнига темир бетон таянч ўрнатилди, 126 та янги бетон таянчлар қуриш ишлари олиб борилди ва 13 км СИП кабеллари тортилди. Газ таъминоти яхшилаш мақсадида аҳолига 822 та газ баллон етказиб берилди, 5,2 км табиий газ қувурлари реконструкция қилинди, аҳоли хонадонларига 7 тонна кўмир етказиб берилди.
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида 3 км сув қувурлари таъмирланди.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.